Ўзбекистон | 07:36 / 25.04.2024
3273
2 дақиқада ўқилади

Валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган шахслар ушланди

Тошкент шаҳри, Навоий ва Тошкент вилоятларида “валютчиклар” ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган Н.С. 4700 АҚШ долларини фуқаро И.А.га 59,8 млн сўмга сотган вақтида ушланиб, унинг ёнидан жами 11 467 АҚШ доллари, 1100 Россия рубли ва 660,7 млн сўм ашёвий далил сифатида олинган.

Шу каби, департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган Н.М. ва С.Э. (муқаддам судланган) жами 3100 АҚШ долларини фуқаро Ф.Н.га 39,4 млн сўмга сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Олмалиқ шаҳар бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса, валюта айирбошлаш билан шуғулланиб келган С.К. ва Ж.С. (муқаддам судланган) жами 2700 АҚШ долларини фуқаро Ш.А.га 34,3 млн сўмга сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид