Жосуслик можароси: Германиянинг Пекиндаги элчиси Хитой ТИВга чақирилди
Германияда Хитой фойдасига жосусликда гумон қилинган тўрт киши ҳибсга олинганидан сўнг, ХХР Ташқи ишлар вазирлиги Германия элчисини чақиртирди. Аввалроқ Хитойнинг Германиядаги муваққат ишлар вакили Германия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган эди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Германиянинг Пекиндаги элчиси Патриция Флорни Хитой Халқ Республикаси фойдасига жосусликка алоқадор можаро муносабати билан чақиртирди. «Ушбу ҳафтада тўрт нафар Германия фуқароси Хитой разведка хизматларига жосуслик қилганликда айбланиб ҳибсга олинганидан сўнг, мени бугун Ташқи ишлар вазирлигига чақиришди», деб хабар берди Флор 25 апрел, пайшанба куни X ижтимоий тармоғида.
«Жуда ошкора қадам - лекин ҳеч бўлмаганда бир нечта нарсани тушунтириш учун яхши имконият, - деб ёзди у ва аниқлик киритди: - 1) Биз Германияда жосусликка, у қайси давлатдан бўлишидан қатъи назар, тоқат қилмаймиз. 2) Биз ўз демократиямизни ҳимоя қиламиз ва бизнинг конституциявий давлатимиз конституциявий воситаларга эга. 3) Терговни тугатгандан сўнг мустақил суд айбловлар бўйича қарор қабул қилади».
Германия ТИВ маълумотларига кўра, Хитой муваққат ишлар вакили 23 апрел куни Германия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган. «У федерал ҳукуматнинг Хитой жосуслик фаолиятида тергов гумон қилаётган аниқ позициясидан хабардор бўлди», — дейилади баёнотда.
Германияда тўрт киши Хитой фойдасига жосуслик қилганликда гумонланиб ҳибсга олинди
22 апрел куни Дрезденда «Германия учун муқобил» (ГуМ) ўнг қанот популистик партияси аъзоларидан бирининг ходими Хитой фойдасига жосуслик қилганликда гумонланиб қўлга олинди. Гумонланувчи - 43 ёшли Цян Г. - ГуМдан евродепутат Максимилиан Кра жамоасида ишлайди. Кранинг расмий веб-сайтида «аккредитациядан ўтган ёрдамчи» сифатида кўрсатилган Цян Г. ноқонуний разведка фаолиятида, жумладан хитойлик мухолифатчилар устидан жосуслик қилишда ва Германия парламенти иши ҳақида Пекинга маълумот узатишда гумон қилинмоқда.
Шу куни Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари Хитой Давлат хавфсизлик вазирлигининг эҳтимолий агентларини фош қилди. 22 апрел куни Бад-Гомбург ва Дюсселдорф шаҳарларида Германия Федератив Республикаси Федерал прокуратураси талабига биноан жосуслик фаолияти ва ташқи савдо қонунчилигини бузганликда гумон қилинган уч нафар Германия фуқароси қўлга олинди.
Тергов маълумотларига кўра, Томас Р. Хитой разведка хизмати агенти бўлиб, унинг топшириғи билан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган инновацион технологиялар ҳақида маълумот олган. Бунинг учун у Дюсселдорфда компанияга эга бўлган эр-хотин Хервиг ва Ина Ф.нинг ёрдамидан фойдаланган. Федерал прокуратурага кўра, бу компания Германия илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари билан алоқа ўрнатиш ва ҳамкорлик қилиш учун воситачилик хизматларини кўрсатган.
Эр-хотин Ф. Германия университетларидан бири билан илмий ишланмаларни топшириш тўғрисида шартнома тузган. Шу билан бирга, биринчи босқичда турли механизмлар, жумладан, ҳарбий кемалар двигателлари учун компонентлар соҳасида тадқиқотлар ўтказиш режалаштирилган. Хитой томонидаги ҳамкор Хитой Давлат хавфсизлик вазирлиги ходими бўлиб, лойиҳа ХХР давлат идоралари томонидан молиялаштирилган, дея хабар беради Германия департаментлари.
Ушланган барча тўрт киши ҳибсга олинди.
Мавзуга оид
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
19:13 / 21.11.2024
Хитойда 83 млрд долларлик олтин захираси топилди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
23:34 / 19.11.2024