Жаҳон | 09:53 / 27.04.2024
4078
2 дақиқада ўқилади

Германия ва Франция MGCS танкини ишлаб чиқаришга қарор қилди

2040 йилдан бошлаб ишлаб чиқарилиши режалаштирилган янги авлод немис-француз танкини яратиш лойиҳаси мудофаа вазирлари томонидан ўзаро англашув меморандуми имзоланганидан сўнг амалга оширилишга бир қадам яқинлашди.

Борис Писториус ва Себастен Лекорню Фото: Thomas Samson/AFP/Getty Images

Германия ва Франция янги авлод MGCS (Main Ground Combat System) танкини ишлаб чиқиш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш йўлида яна бир муҳим қадам ташлади. 26 апрел, жума куни Германия мудофаа вазири Борис Писториус ва унинг франциялик ҳамкасби Себастен Лекорню Парижда икки давлат мудофаа корхоналари ўртасида масъулиятни тенг тақсимлашни назарда тутувчи англашув меморандумини имзолади.

«Бу яна бир муҳим босқич», деди Писториус. Унинг сўзларига кўра, Германия ва Франция 2017 йилда бошлаган қўшма лойиҳа икки давлатнинг «чуқур алоқаси ва дўстлиги»ни таъкидлайди. Гап мавжуд танкларни янада ривожлантириш ҳақида эмас, балки «бутунлай янги нарса» ҳақида кетяпти, деди Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари. Унинг таъкидлашича, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш «имкониятлар бўйича аниқ сифат устунлиги»ни билдиради. 

Лойиҳа иштирокчиларининг мажбуриятлари аниқ қандай тақсимланиши ҳақида хабар берилмаган. Бироқ, Лекорню фикрича, бу имзоланган келишувнинг энг муҳим жиҳати эмас. «Энг муҳими, Германия ва Франция 2040 йилда бир хил танкка эга бўлади», деди у. 

KNDS Франция-Германия ҳолдингидан ташқари, Rheinmetall, Thales ва бошқа кўплаб компаниялар лойиҳада иштирок этади, деди Франция мудофаа вазири. «Биз прагматик ёндашувни қабул қиламиз ва ҳар бир соҳа таклиф этадиган энг яхшисини қидирамиз», деб қўшимча қилди Лекорню. 

Мавзуга оид