Жамият | 17:46 / 01.05.2024
13543
2 дақиқада ўқилади

Наманганда қўшнисини ўлдириш учун қотил ёллаган шахс 10 йилга қамалди

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда жабрланувчи гримм қилиниб, молхона биносида қўл-оёқлари боғлаб қўйилган. Уни ўз қўллари билан ўлдирмоқчи бўлган буюртмачи воқеа жойига етиб борганида электрошокер ёрдамида тўхтатиб қолинган ва қўлга олинган.

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида яшовчи Хуршид Муҳиддинов ўз қўшнисини ўлдириш учун қотил ёллаган. Kun.uz мазкур жиноят иши доирасидаги суд ҳужжатларини ўрганди. 

Суд ҳужжатларида келтирилишича, Хуршид Муҳиддинов қўшниси А.Бориев ва турмуш ўртоғи ўртасида ишқий муносабат борлигидан хабар топиб, қўшнисини қасддан ўлдиришни режалаштирган. У таниши Д.М. ва Д.П.га мурожаат қилиб, А.Бориевни ўлдириб юбориш эвазига минг доллар беришини айтган. Д.М. ва Д.П. эса Наманган вилояти ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган.

2023 йил 7 июн куни Наманган вилояти прокуратураси томонидан вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда А.Бориев тегишли тартибда гримм қилиниб, юзига ҳайвон қони суртилган ҳамда қўл-оёқлари боғланган ҳолда Чортоқ тумани Айқирон маҳалласи ҳудудида жойлашган молхона биносига олиб борилган. Сўнгра телефон орқали фото ва видеотасвирга олиниб, буюртмачига юборилган.

Хуршид Муҳиддинов Д.М. бошқарувидаги машинада ваъда қилинган пуллардан 1,4 млн сўмини унга берган. Шундан сўнг А.Бориевни ўлдиришда фойдаланиш учун йўлда савдо дўконидан пичоқ ва канцелярия пичоғи, дорихонадан эса тиббий қўлқоп ва ниқобларни сотиб олган.

Айтилган манзилга етиб келгач уларни кутиб турган “киллер” Д.П. билан кўришиб, тиббий қўлқопни кийган ва А.Бориев сақлаб турилган хонага кирган. Шу вақтда Муҳиддинов тезкор ходимлар томонидан электрошокер ёрдамида хавфсизлантирилиб, тўхтатиб қолинган ва қўлга олинган.

Хуршид Муҳиддинов қўшниси А.Бориевни қасддан ўлдиришга суиқасд қилганликда айбли деб топилган. Суд ҳукми билан унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Аввалроқ Навоийда қайнакасини ўлдириш учун “киллер” ёллаган шахс 15 йилга қамалгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид