Ўзбекистон | 18:49 / 01.05.2024
17561
1 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 400 минг долларга ер сотмоқчи бўлган шахс ушланди

«Чирчиқ шағал саралаш» корхонаси директори Юқори Чирчиқ туманидаги ғалла ва чорвачилик учун ажратилган 260 гектар ерни 400 минг долларга сотишга уринганликда гумонланмоқда. У 40 минг долларни бўнак сифатида олаётганида қўлга тушди.

Фото: ИИВ

ИИВ Тезкор қидирув департаменти ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан ҳамкорликда 29 апрел куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ер сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ва пора беришга оид жиноятни фош этди. 

Қайд қилинишича, 1985 йилда туғилган «Чирчиқ шағал саралаш» директори, 1981 йилда туғилган фуқарога Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ тумани, ҳудудида ғаллачилик-чорвачилик йўналишида ажратилган 260 гектар бўш ер майдонини 400 минг АҚШ долларига сотишга келишган. Ушбу шахс ҳужжатларини кадастр идораларида ишловчи танишлари орқали пул эвазига тайёрлаб беришни ваъда қилиб, олдиндан бўнак тариқасида 40 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган. 

Ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси (Пора бериш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид