Жаҳон | 00:04 / 03.05.2024
8376
3 дақиқада ўқилади

Boeing самолётидаги нуқсонлар ҳақида хабар берган яна бир киши вафот этди

Жошуа Дин АҚШ Федерал авиация бошқармасига 737 MAX самолётини ишлаб чиқариш жараёнидаги жиддий ва қўпол қоидабузарликлар ҳақида шикоят қилган эди. У шифохонада жиддий бактериал инфекциядан вафот этгани таъкидланмоқда.

Фото: The Seattle Times

Boeing самолётларини ишлаб чиқарувчи Spirit AeroSystems компаниясининг собиқ сифат аудитори Жошуа Дин 30 апрел куни вафот этди. Аввалроқ, у Spirit раҳбарияти 737 MAX самолётини ишлаб чиқариш жараёнидаги камчиликларга эътибор бермаётганини айтган эди. The Seattle Times хабарига кўра, Дин тўсатдан тез тарқаладиган инфекцияга қарши курашиб вафот этган.

Қайд этилишича, Дин Spirit компанияси жойлашган Канзас штатида яшаган ва 45 ёшда эди. Қариндошларининг таъкидлашича, у ўзини яхши ҳис қилган ва соғлом турмуш тарзини олиб борган. Бироқ, икки ҳафтадан кўпроқ вақт олдин Дин нафас олишда муаммога дуч келиб, шифохонага ётқизилган. Унда пневмония, кейин эса жиддий бактериал инфекция аниқланган. Дин икки ҳафта оғир аҳволда ётганидан кейин вафот этган.

Аввалроқ, Дин АҚШ Федерал авиация бошқармасига 737 MAX самолётини ишлаб чиқариш жараёнидаги жиддий ва қўпол қоидабузарликлар ҳақида шикоят қилган эди. Шундан сўнг, 2023 йил апрел ойида компания уни ишдан бўшатди. Дин Меҳнат департаментига шикоят этиб, ўзининг ишдан бўшатилиши авиация хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирларни кўтаргани учун қасос эканини даъво қилди.

2022 йилда Дин механиклар MAX серияли самолётларнинг гермошпангоутида тешик очиш технологиясини бузаётганини аниқлаган. Бу ҳақда у раҳбариятга хабар берган, лекин улар вазиятга эътибор бермагани таъкидланмоқда. Кейинроқ Дин қоидабузарликлар ҳақида АҚШ Федерал авиация бошқармасига хабар берди.

Журналистларнинг сўзларига кўра, бу Boeing ходимлари орасида самолёт хавфсизлигидан хавотир билдирган иккинчи шахснинг ўлимидир.

Март ойида Boeing компаниясининг яна бир ходими Жон «Митч» Барнетт ўлик ҳолда топилган эди. Таъкидланишича, у Boeing самолётлари носозлиги бўйича очилган иш жараёнида кўрсатма бераётган даврда ўз жонига қасд қилган. Полиция Барнетт ўлими ўзини ўзи отиш оқибатида юз берганини айтмоқда, аммо тергов ҳали тугамаган.

2024 йил март ойида Boeing бош директори Дэйв Кэлхун, компания раиси ва бошқа топ-менежерлар 737 серияли самолётларнинг носозлиги билан боғлиқ бир қатор можаролардан сўнг истеъфога чиқиши маълум қилинди. Ушбу носозликлардан сўнг АҚШ авиация регуляторлари Boeing компаниясида аудит ўтказиб, компания унда қисман ёмон натижаларни кўрсатгани ҳақида хабар берган эди.

Мавзуга оид