Жаҳон | 18:05 / 03.05.2024
6819
2 дақиқада ўқилади

Қуддусда Туркия фуқароси исроиллик полициячига пичоқ билан ҳужум қилди

30 апрел куни Қуддусдаги эски шаҳар майдонида туркиялик эркак Исроил чегара полицияси зобитини пичоқлашга уринди. Ҳолат видеоси тармоқда тарқалган.

Исроил полицияси маълумотига кўра, зобитга ҳужум қилган 34 ёшли туркиялик Ҳасан Сакланан бўлган. У Исроилга бир кун олдин Иордания орқали сайёҳ сифатида келган. У полицияга ҳужум қилиш учун пичоқни Исроил ҳудудида сотиб олган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода туркиялик шахс ўзидан олдинда кетаётган икки нафар зобитни бир муддат кузатгани, кейин улардан бирига пичоқ билан ҳужум қилгани акс этган. У чегара полицияси зобитининг бошига пичоқ билан зарба беришга уринади, аммо зобитнинг бўйи баландлиги сабаб буни уддалай олмайди.

Иккинчи полициячи эса эркакни тўхтатишга уриниб, уни ерга йиқитади. Олишув давомида полициячилардан бири аввалига унинг пешонасидан отади, кейин иккинчи полициячи автоматда эркакка қарата яна бир нечта ўқ узади.

Исроил полицияси ахборотига кўра, пичоқланган полиция зобити ўрта даражада жароҳат олган. Туркиялик эса воқеа жойида ҳалок бўлган. Яраланган 30 ёшли зобит танасининг юқори қисмидан бир нечта жароҳат олади. Полиция эълон қилган суратда туркиялик ишлатган қурол – оддий ошхона пичоғи бўлганини кўриш мумкин.

Ушбу воқеадан кейин Ақсо масжиди жойлашган Ҳарам аш-Шариф майдони ёпиб қўйилган. Воқеа ҳудудда Исроил полицияси патрули текширув бошлаганда содир бўлган. Ҳодисадан кейин у ерга жуда кўп сонли полициячилар, хусусан, Қуддусдаги Исроил полицияси раҳбари генерал Дорон Туржеман ҳам етиб борган.

ОАВга кўра, Қуддусдаги бу воқеа содир бўлган вақтда Исроилнинг Самария шаҳри Барта қишлоғида ҳам номаълум шахс Исроил чегара патрули зобитларига ҳужум қилишга уринган. Аниқлик киритилишича, фаластинлик йигит ўғирланган машинани исроиллик полициячилар устига ҳайдашга ҳаракат қилган, лекин уни уловга ўт очиб тўхтатиб қолишган. Воқеа оқибатида бир киши жабрланган.

Мавзуга оид