Каналдан топилган сирли сандиқ – Попдаги мудҳиш қотиллик тафсилотлари
Эл оғзига элак тутиб бўлмайди: 2022 йилнинг август ойида Наманган вилоятининг Поп туманидан оқиб ўтувчи каналда сирли сандиқ топилгани қисқа фурсатда атрофга овоза бўлди. Етти ёшли боладан етмиш ёшли нуронийгача шу сандиқни гапирарди гўё. Сабаби, унинг ичида бўлакларга бўлинган эркак мурдаси бор эди. Жиноят иши очилиб, қотил кимлиги аниқ бўлганида эса ҳамма ҳайратдан ёқа ушлади.
2022 йилнинг 12 август куни Поп тумани Истиқбол маҳалласида содир этилган жиноятни очиш тезкор ходимлар учун қийин бўлмаган. Негаки, ҳамма далиллар бор, гувоҳлар етарлича эди: эркак ярим тунда ўз уйида пичоқлаб ўлдирилган ҳамда унинг оғзидаги 4 дона тилла тиш синдириб олинган. Аммо жиноят изини йўқотиш ва мурдани яшириш мақсадида қилинган ҳаракатлар детектив кинолардаги воқеликлардан қолишмасди.
Тундаги қотиллик
Машҳура ва Шерзод (мақоладаги барча исмлар ўзгартирилган) атрофдагилар наздида гўёки бахтли ва намунали оила эди. Аммо эр-хотин ўртасидаги муносабатларга путур етган, ўртадан ишонч кўтарилганди. Шу сабабли, гарчи фарзандлари бўлса ҳам, улар тез-тез жанжаллашиб туришар, нималарнидир устида тортишишарди.
Кейинчалик Машҳура судда берган кўрсатмасида бу тортишувлар сабабини турмуш ўртоғи уни араб тилини ўрганишга, “ҳижобга” киришга ҳамда Қирғизистонга бирга кетишга мажбурлагани билан боғлаган.
2022 йилнинг 12 август куни ҳам эр ва хотин ўртасида шундай тортишув бўлиб ўтади. Соат 22:00 ларда Шерзод ухлаб қолади. Бундан фойдаланган Машҳура ошхона пичоғи билан турмуш ўртоғининг чап бел, қўлтиқ ҳамда чап кўкрак соҳасига уради. Хотинидан бундай ҳаракатни кутмаган эркак зарбадан уйғониб кетади, аммо унга қаршилик қилмайди, аксинча деворга суяниб, ўрнидан туришга интилади ва шунчаки кулиб қўя қолади. Сўнгра йиқилади.
“Фарзандларим ухлаб қолганидан сўнг қайтиб турмуш ўртоғим ётган хонага кирдим. У хириллаб нафас оларди. Жони чиқишга қийналяпти деб ўйладим ва ерда ётган пичоқни олиб, кўкрак қафасига урдим. Шунда ҳам у кўзлари очиқ ҳолда, менга қараб куларди. Кулганига жаҳлим чиқиб, яна пичоқ билан урдим, кейин бўйнидан кесиб юбордим”, деган аёл ўз кўрсатмасида.
Бу орада Машҳура унинг 4 дона тилла қопламали тишини ғишт бўлаги билан уриб, синдириб олади. Аёл мазкур тилла тишларни кейинчалик бозорга олиб бориб, 1,4 млн сўмга сотиб юборган.
Ечими йўқ жумбоқ
Машҳура лаҳзалар ичида нима иш қилиб қўйганини билмасди. Аммо у қанча афсусланмасин, ғишт қолипдан кўчган – қўлини қонга ботириб бўлганди. Аёл аввалига ИИБга бориб воқеани айтиб бермоқчи бўлади, аммо ўзини қамаб юборишларидан қўрқиб, бу фикридан қайтади ҳамда мурдани йўқ қилиш ва жиноят изини яшириш ҳақида ўйлай бошлайди. Албатта, эркак жасадини ҳеч ким тополмайдиган тарзда йўқ қилиш аёл учун осон иш эмасди. Бунинг устига, қўшни хонада фарзандлари ухлаб ётарди.
Аёл ярим тундан тонгга қадар ўйлаб чиқади. Унинг олдида мурдани қандай қилиб уйдан олиб чиқиб кетаман ва йўқ қиламан деган ўта қийин иш ва ечими йўқ жумбоқ турар эди.
Машҳура жасадни бўлакларга бўлиб, қопга солиб олиб чиқиб кетишни режалаштиради. 13 август куни соат 5:30 ларда турмуш ўртоғининг мурдасини аввал бўйин, кейин эса чап елка ва ҳар иккала сон соҳаларини ошхона пичоғи билан суяккача кесади. Кейин уни целлофан ва тўшакка ўраб, сандиқ ичига солади. Бироқ бу билан жиноят изи ҳали тўлиқ йўқ қилинмаганди.
Сандиқ ичида нима бор?
Аёл учун навбатдаги қадам ўта оғир сандиқни уйдан олиб чиқиб, йўқ қилиш эди. У сандиқни олиб кетиш учун машина топа олмайди. Ўйлаб-ўйлаб, охири эрталаб уйдан чиқади ва йўловчи машинада “Чуст-Поп” йўналишидаги машиналар турадиган “питак”ка боради. У ерда Damas машинаси ҳайдовчиси билан гаплашиб, уй-рўзғор буюмларини бир манзилга олиб бориш кераклигини айтади. Ўзаро келишувдан сўнг ҳайдовчининг телефон рақамини олиб, ортга қайтади.
Уйга келгач, мурда солинган сандиқни тортиб, амаллаб коридорга олиб чиқади. Шу вақтда қизи уйғониб, чиқиб қолади. У сандиқ ичида нима борлиги сўрайди. Аёл ҳеч нарса йўқ, ундан кўра қарашиб юбор, дейди. Қизи ёрдамлашган бўлади.
Машҳура сандиқни кўтаришга ёрдам сўраш учун ташқарига чиқади. Бу пайтда қўшни эркак подъезд олдида сигарет чекиб турарди. Аёл ундан ёрдам сўрайди. “Сандиқ ичида нима бор?” дея сўрайди қўшниси ҳам унинг оғирлиги кўриб. Аёл идиш-товоқлар борлигини, шу сабабли оғирлигини айтади.
Сандиқни ташқарига олиб чиқишгач, Damas ҳайдовчиси ҳам ёрдамга келиб, уни кўтаришиб юборади. У ҳам сандиқ ичида нима борлигини сўрайди ва аёлдан идиш-товоқ бор, деган жавобни эшитади.
Йўлдаги ҳийла
Машҳура ҳайдовчига машинани Қирғиз маҳалласи томонга ҳайдашни айтади. Бироз юришганидан сўнг у канал бўйида сандиқни туширишга ва каналга ташлаб юборишга қулай бўлган жойни кўриб қолади.
“Мени шу ерда тушириб кетинг, танишим келадиган бўлиб қолди”, дейди у ҳайдовчига қарата. Damas ҳайдовчиси хайрон бўлиб, канал устида тўхтайди ҳамда аёлни нарсалари билан тушириб, машина ўриндиқларини тузата бошлайди.
“Илтимос, тезроқ кетсангиз. Тўғрисини айтсам, ўйнашим келяпти, сизни кўрса жанжал бўлиши мумкин”, дейди Машҳура айёрлик билан. Ҳайдовчи кетади.
Аёл ёнидаги фарзандларига нарироқда ўйнаб юрган болалар олдига бориб туришни айтади. Атрофда жимлик эди. Фурсати келганини сезган Машҳура сандиқни каналга итариб юборади.
“Ундан канал атрофида нима қилишини сўрадим. У нарсаларини харидорлар шу ердан олиб кетишига келишишганини айтди. Сандиқни туширдик. Машина ўриндиқларини қайта ўрнатаётганимда аёл тезроқ кетишимни, ҳозир ўйнаши келиб қолиши ва жанжал бўлиши мумкинлигини айтди. Шундан сўнг тахминан 200 метр юриб тўхтадим ва машина ўриндиқларини қайта ўрнатдим. Шу вақтда яна аёл қўнғироқ қилди. Қайтиб бордим. Уни ва фарзандларини олиб, Ором маҳалласига ташлаб қўйдим. Оддий ҳайдовчиман. Сандиқ ва унинг атрофидаги нарсаларда қон ёки шунга ўхшаш шубҳали изларни кўрмадим”, дея гувоҳлик берган ҳайдовчи ўз кўрсатмасида.
Машҳура Ором маҳалласидан болалари билан йўловчи машинада уйига қайтиб келади ва хонани тозалаб қўяди. Бироз ўзига келгач эса бозорга чиқиб, турмуш ўртоғининг тилла тишларини сотиб келади.
Жазо
Машҳуранинг жинояти қисқа фурсатда фош этилади. Унинг қилмиши рад қилиб бўлмас далиллар, турли экспертиза хулосалари, гувоҳларнинг кўрсатмалари билан ўз исботини топади.
1988 йилда туғилган Машҳура жиноят ишлари бўйича Поп туман судининг ҳукми билан 13 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилади.
Марҳумнинг яқинлари суд ҳукмидан норози бўлиб, апелляция шикояти киритади. Улар шунча ишни аёлнинг ёлғиз ўзи бажарганига ишонмаганди. Шу сабабли, апелляция шикоятида жиноят ишини қайта ўрганиб чиқиб, айбдор шахсларни жавобгарликка тортишни сўрашади. Аммо бу ўз тасдиғини топмайди ва апелляция инстанция суди ҳукмни ўзгаришсиз қолдиради.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Суд ҳужжатлари асосида тайёрланди.
Мавзуга оид
20:03 / 19.11.2024
“Кўп кайф қилиб юборганман” — 3 яшар боланинг қотили ўша куни “глюк”да бўлганини айтди
21:47 / 15.11.2024
Қотил гиёҳванд бўлган: 3 ёшли болани ўлдирган эркак устидан суд бошланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
18:12 / 09.11.2024