Камида 78 киши ҳалок бўлган, ўнлаб кишилар бедарак йўқолган, ўн минглаб кишилар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Бразилия жанубида кучли ёмғирлар сўнгги 80 йилликдаги энг кучли сув тошқинларига сабаб бўлди. Табиий офатдан энг кўп зарар кўрган Риу-Гранди-ду-Сул штати расмийларига кўра, камида 78 киши ҳалок бўлган, яна камида етти кишининг ўлими ушбу фавқулодда вазият билан боғлиқлиги текширилмоқда. Камида 74 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Маҳаллий аҳоли вакилларидан камида 25 минг киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Ярим миллионга яқин киши электр энергияси ва ичимлик сув таъминотидан узилиб қолган. Associated Press агентлиги қайд этишича, бу минтақада сўнгги йилдаги тўртинчи сув тошқини бўлмоқда. 2023 йилда кузатилган сўнгги табиий офат оқибатида жами 75 киши ҳалок бўлганди. Бу сафарги сув тошқини 1941 йилги рекордни янгилади, айрим ҳудудларда сув сатҳининг кузатувлар тарихидаги энг юқори даражаси қайд этилди. Қуйида табиий офатдан жабрланган шаҳарлардаги вазият акс этган суратлар келтирилади.