Жаҳон | 08:30 / 06.05.2024
7160
3 дақиқада ўқилади

Уралда кучли қор ёғиши сабабли фавқулодда ҳолат жорий этилди

Электр, сув ва иссиқлик таъминотини тиклаш ишлари кеча-ю кундуз давом этмоқда, деди Свердловск вилояти Дегтярск шаҳри мэри Вадим Пилников. 

Фото: Donat Sorokin/dpa/picture alliance

Май ойи бошида Свердловск вилоятида кучли қор ёғиши фонида 5 май, якшанбага ўтар кечаси Дегтярск шаҳрида фавқулодда ҳолат жорий этилди. Бу ҳақда шаҳар мэри Вадим Пилников Telegram’да маълум қилди

Унинг сўзларига кўра, Дегтярскда кўчаларни қор ва қулаган дарахтлардан тозалаш давом этмоқда, «электр, сув ва иссиқлик таъминотини тиклаш бўйича тун-у кун иш олиб борилмоқда». Шаҳар аҳолиси учун ичимлик суви етказиб бериш ташкил этилди, дейилади постда. 

6 май куни шаҳардаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида ўқув жараёни тўхтатилди. 

Май ойида Свердловск ва Тюмен вилоятларида қор ёғди 

Уралнинг турли ҳудудлари учинчи кундирки кучли қор ёғиши оқибатлари билан курашмоқда. Айниқса, 4 майга ўтар кечаси қор ва совуқ ёмғир билан қопланган Свердловск вилоятида вазият оғир. 

Табиий офат фонида бир қанча шаҳарлардаги юзлаб уйларда электр таъминотида узилишлар юз берди. «Россети Урал» компанияси матбуот хизматининг 5 май куни хабар беришича, қор ва музли ёмғир ёғиши туфайли «минтақада минглаб дарахтлар қулаган». Компаниянинг Telegram-каналида таъкидланишича, «энергетика ходимлари минтақада тун-у кун тиклаш ишларини давом эттирмоқда» ва электр энергияси 5 май куни кечки вақтларда уйларга қайтиши керак. 

Россиянинг бошқа ҳудудларида ноқулай об-ҳаво

Тюмен, Татаристон, Чуваш ва Удмуртия ҳам қор остида қолган. 4 май куни Тюмен мэри Руслан Кухарук шаҳар электр таъминотида 30 дан ортиқ фавқулодда узилишлар бўлганини айтди. Таъмирлаш гуруҳлари қаттиқ режимда ишламоқда, дея қўшимча қилди у.

Айни пайтда, Тюмен вилоятида сув тошқини оқибатлари билан курашиш давом этмоқда. Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Telegram-каналида маълум қилинишича, 5 май ҳолатига кўра, вилоятнинг Викуловский туманида сув кўтарилиши давом этмоқда. 

Тюмен вилоятининг 47 та аҳоли пунктида 385 та турар жой ва 345 та қишлоқ уйлари, шунингдек, 3232 та томорқа ва 35 та йўл участкалари сув остида қолмоқда, дея хабар берди департамент. 

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, Оренбург вилоятида 3287 та, Курган вилоятида 534 та турар жой биноси сув остида қолган.

Мавзуга оид