Хитой раҳбари Си Жинпинг Парижга етиб келди
Си Жинпингнинг Францияга ташрифи дастуридан мамлакат раҳбарияти ва Еврокомиссия етакчиси билан учрашувлар ва улар билан халқаро сиёсатнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш ўрин олган.
Хитой раҳбари Си Жинпинг 5 май, якшанба куни давлат ташрифи билан Парижга келди. Хитой раҳбари Францияга ташрифи доирасида мамлакат бош вазири Габриэл Аттал билан учрашади. 6 май куни у Франция президенти Эммануэл Макрон ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан учрашиши режалаштирилган. Музокаралар мавзулари қаторида Украинадаги уруш, Яқин Шарқдаги вазият, иқлимни муҳофаза қилиш ва иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўлиши кутилмоқда. Макрон ўз меҳмонини урушни тугатиш учун Россияга таъсир ўтказишга ишонтиришга ҳаракат қилади. Франция президенти ушбу позицияни Хитой раҳбари келиши арафасида Германия федерал канцлери Олаф Шолц билан муҳокама қилган.
Си Жинпинг ҳар беш йилда бир марта Францияга ташриф буюради
Си Жинпингнинг ташрифи икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 60 йиллигига тўғри келди. Бу унинг Францияга учинчи давлат ташрифи бўлиб, 2014 ва 2019 йилларда ҳам дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 50 ва 55 йиллигини нишонлаш мақсадида ташриф буюрган.
Хитой раҳбари жўнаб кетишидан олдин унинг ташрифи ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлашига умид билдирди. «Умид қиламанки, биз ушбу ташриф орқали икки давлатнинг анъанавий дўстлиги ва ўзаро сиёсий ишончини мустаҳкамлаймиз, стратегик консенсусга эришамиз, турли соҳаларда алмашув ва ҳамкорликни чуқурлаштирамиз, келажак йўлини ёритишда тарих машъалидан фойдаланамиз», - дейилади Си Жинпингнинг Хитой марказий телевидениеси томонидан эълон қилинган ёзма баёнотида. Си Жинпинг таъкидлаганидек, Хитой-Франция муносабатлари доимо халқаро ҳамжамиятга турли ижтимоий тизимли давлатлар ўртасида тинч-тотув яшаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик намунаси сифатида кўрсатилган.
Си Жинпинг 10 майгача давом этадиган Европа сафари доирасида Сербия ва Венгрияга ҳам ташриф буюради.
Мавзуга оид
12:44 / 17.11.2024
«Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз». Байден ва Жинпинг Перуда учрашди
23:35 / 15.11.2024
Франция прокуратураси маданият вазирини судга топширишни талаб қилди
20:58 / 12.11.2024
Франциядаги йирик оммавий ахборот воситалари Х ижтимоий тармоғини судга берди
17:50 / 06.11.2024