Ўзбекистон | 09:50 / 07.05.2024
2664
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази ташкил этилди

Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази президент администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази этиб қайта ташкил этилди.

"Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакатимиз генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

Ўзбекистонда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024-2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия тасдиқланди.

Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази президент администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази этиб қайта ташкил этилди.

Республикада гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ вазиятни ҳудудлар кесимида илмий-амалий ва ахборот-таҳлилий жиҳатидан тизимли равишда чуқур ўрганиб бориш, асосий омиллар ҳамда тенденцияларни аниқлаш ва прогноз қилиш миллий марказ фаолиятининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Миллий марказ давлат комиссияси томонидан ҳар йили тасдиқланадиган миллий дастурлар ижросини мунтазам мониторинг қилиб, белгиланган чора-тадбирлар сифатли ҳамда ўз вақтида ижро этилиши бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотларга тақдимнома, таклиф ва тавсиялар киритади.

Мавзуга оид