Жаҳон | 13:52 / 09.05.2024
4952
2 дақиқада ўқилади

Белгородда Украина ўққа тутиши оқибатида 8 киши яраланди

Кеча тунда Белгород вилоятида уч марта ракета таҳдиди эълон қилинди. Кубанда дронлар Анапа яқинидаги нефт омборига ҳужум қилди.

Фото: Telegram/ vvgladkov

Белгород ва Белгород вилояти 9 май, пайшанбага ўтар кечаси яна Украина томонидан ўққа тутилди. Ракета таҳдиди уч марта эълон қилинган. «Турар жой бинолари ва автомобилларга тўғридан тўғри зарбалар бор», деди Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков. Дастлабки маълумотларга кўра, саккиз киши жабрланган: етти нафар ёш катта инсон ва 11 ёшли қиз. Беш жабрланувчи, жумладан, бир бола касалхонага ётқизилган.

Гладковнинг сўзларига кўра, Белгородда 19 та кўп қаватли уйдаги 34 та хонадон, хусусий уй ва 37 та автомобил шикастланган. Белгород туманидаги Дубовое қишлоғида тўртта хусусий уй ва учта автомашинанинг том қисмига зарар етди.

Россия Мудофаа вазирлиги Белгород вилояти узра 15 та Vampire RM-70 ялпи ўт очиш реактив тизими снарядлари йўқ қилингани ҳақида хабар берди. Минтақада битта дрон ҳам уриб туширилган. Брянск вилоятида иккита, Курск вилоятида учта дрон уриб туширилди, дея қўшимча қилди департамент. 

Воронеж вилоятига ҳам учувчисиз учоқлар ҳужум қилган. Губернатор Александр Гусевнинг хабарларидан маълум бўлишича, УУА ҳужуми таҳдиди минтақада тахминан олти соат давомида кузатилган.

Анапа яқинидаги нефт омборига ҳужум 

Айни пайтда, Краснодар ўлкаси тезкор штабининг хабар беришича, 9 майга ўтар кечаси Украина учувчисиз учоқлари Анападан 35 км узоқликдаги Юровка қишлоғидаги нефт омборига ҳужум қилган. Оператив штаб маълумотларига кўра, тунги ҳужум пайтида «олтитага яқин УУА тутиб олинган», бироқ бир нечтаси нефт омбори ҳудудига қулаган ва ёнғин бошланган. Бир нечта ёнилғи баклари шикастланган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳеч ким жабрланмаган. Москва вақти билан соат 7:40 да ёнғин қуршаб олинди. 

Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери Россия Федерациясининг чегарадош ҳудудлари мунтазам равишда ўққа тутилиб, учувчисиз учоқлар ҳужумига учрамоқда. 

Мавзуга оид