Ўзбекистон | 10:18 / 09.05.2024
3256
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда апрел ойида ҳарорат меъёрдан 1−2 даража илиқроқ бўлди

Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисми бўйича апрел ойи метеорологик кузатувлар тарихидаги энг илиқ апрел ойлари бешлигига кирди. Ҳавонинг ўртача ҳарорати 1−2 даража илиқ, республика жанубида эса меъёрдан 3−5 даража юқори бўлди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида апрел ойида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 1−2 даражага, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва республиканинг чўл ҳудудларида меъёрдан 3−5 даражага юқори бўлди. 

“Ўзгидромет” хабарига кўра, Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисми бўйича ўтган ой метеорологик кузатувлар тарихидаги энг илиқ апрел ойлари бешлигига кирди.

Ой давомида кундузги ҳарорат +15…+20 даража илиқдан +27…+32 даража илиққача ўзгариб турди. Республика шимолида, энг чекка жанубида ва чўл ҳудудларида энг илиқ кунларда ҳаво баъзи жойларда +34…+35 даража илиққача исиди. Ҳарорат кечалари +10…+15 даража илиқ атрофида, баъзи жойларда +17…+20 даража илиққача бўлди ва фақат энг салқин кечаларда +4…+9 даража илиққача пасайди.

Метрологик кузатувлар тарихида максимал ҳаво ҳарорати учун рекорд кўрсаткичлар ҳудуднинг катта қисми бўйича +36…+37 даража илиқни, минимал ҳарорат −4…−6 даража совуқни, Қорақалпоғистон Республикасида −7…−11 даража совуқни, Сурхондарё вилоятида 0…-2 даража совуқни ташкил этади.

Апрел ойи қуруқ бўлди. Республика ҳудудининг катта қисмида апрел ойида ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам бўлиши кузатилди. Шунга қарамай, қатор туманларда айрим кунларда кучли жала ёмғирлар ёғди, бунда ойлик ёғингарчилик миқдоридан учдан бир қисмигача ёки ундан кўпроғи бир кеча-кундузда ёғди.

Тоғолди ва тоғли ҳудудларда кучли жала ёғиши сел-сув тошқин ҳодисаларининг ривожланишига сабаб бўлди. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида сел ва сув тошқинлари кузатилди.

2024 йилнинг апрел ойи ҳарорат тартиби бўйича иқлимий қийматлардан илиқроқ бўлди.

Мавзуга оид