Жаҳон | 08:01 / 10.05.2024
3903
3 дақиқада ўқилади

Писториус Украинага учта HIMARS қурилмаси етказиб берилишини эълон қилди

Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари АҚШга ташрифи чоғида Киевга ялпи ўт очиш комплексларини етказиб бериш Вашингтон билан ҳамкорликда амалга оширилганига аниқлик киритди.

Фото: Global Look Press/Attila Husejnow

Германия мудофаа вазири Борис Писториус АҚШга ташрифи чоғида Украинага учта HIMARS ракета учириш қурилмаси етказиб берилишини маълум қилди. Писториус 9 май, пайшанба куни Вашингтонда америкалик ҳамкасби Ллойд Остин билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг, ракета учирувчи қурилмалар АҚШ ҳарбий захираларидан экани ва уларнинг нархи немис томонидан тўланишини айтиб ўтди. Етказиб бериш Вашингтон билан ҳамкорликда амалга оширилди, деди Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари.

AFP таъкидлашича, Остин билан учрашувдан олдин Писториус шу куни Patriot ҳаво мудофаа тизимини ишлаб чиқарувчи Raytheon мудофаа компаниясига ташриф буюрган. Федерал мудофаа вазирининг сўзларига кўра, у ердаги раҳбарият билан етказиб бериш муддатларининг қисқариши ҳақида ҳам гаплашган. Янги Patriot’ни сотиб олиш бўйича шартнома ёзда имзоланиши керак, деб ёзади агентлик тафсилотларни келтирмасдан. 

Бундан ташқари, Писториус бир кун олдин Филаделфиядаги Boeing компаниясига ташриф буюрди, унга бундесвер 60 та CH47-F Chinook оғир транспорт вертолётларини ва бир нечта P-8A Poseidon сувости патрул самолётларини сотиб олишга иккита катта буюртма берди. 

Писторус: Путин Украинага қарши урушда ғалаба қозонмаслиги керак 

7 май куни Германия мудофаа вазири АҚШ ва Канадага тўрт кунлик ташрифи аввалида Украинани Россиядан ҳимоя қилишда давомли қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади. «Путин урушда муваффақият қозонмаслиги керак. Демократиялар ўзини ҳимоя қила оладими, деган савол туғилади. Бу Европанинг энг муҳим стратегик вазифаси, Путин уруши дунё тартибига энг катта таҳдиддир», - деди Ню-Йоркдаги Америка яҳудийлари қўмитаси вакиллари олдида қилган чиқишида.

НАТО бўйича ҳамкорлар - АҚШ ва Канада билан музокараларда Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари халқаро хавфсизликка оид вазиятни муҳокама қилиш ва Германиянинг Шимолий Атлантика алянсидаги иштирокини кучайтиришни тушунтириш ниятида. Ллойд Остин билан учрашувидан кейин Писториус 10 май куни Оттавада Канада мудофаа вазири Билл Блэр билан учрашади. 

Германияда мудофаа харажатларининг ошиши 

«НАТО хавфсизлигимиз учун марказий ўрин тутади ва биз ҳеч нарсани оддий деб билмаймиз. Биз замон яна ўзгарганини тушундик. Уруш Европага қайтди ва тинчликдан дивидендлар вақти тугади. Шунинг учун биз ўз бурчимизни бажаряпмиз. НАТОнинг мудофаа учун ЯИМнинг 2 фоизини ажратиш нормаси бажарилади ва бу билан тўхтаб бўлмайди», - дея таъкидлади Писториус. 

Мавзуга оид