Жаҳон | 20:01 / 10.05.2024
48158
4 дақиқада ўқилади

Санкт-Петербургда дарёга қулаган автобус. Сўнгги маълумотлар

Автобус ҳайдовчиси тожикистонлик экани маълум бўлди, у қўлга олинган, автобус сувдан чиқариб олинган. Ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлган, яна тўрт киши — клиник ўлим ҳолатида.

Фото: «Бумага»

Санкт-Петербургда йўналишли автобус Мойка дарёсига тушиб кетиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони уч нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда ФВВнинг шаҳар бўйича бошқармаси хабар қилган.

Ҳодиса 10 май куни кундузи, Марказий ҳарбий-денгиз музейи рўпарасидаги Поцелуев кўпригида рўй берган. ОАВ томонидан кузатув камераларидан олиб тарқатилган кадрларга кўра, автобус соҳил бўйлаб ҳаракатланаётганида у ёқдан бу ёққа силкина бошлаган, шундан кейин кўприк томон кескин бурилиб, икки автомобилга тўқнашган, тўсиқни бузиб ўтиб, дарёга тушиб кетган.

Шу атрофдан сузиб ўтаётган дарё трамвайи йўловчилари, кўчадаги автомобиллар ҳайдовчилари ҳамда яқиндаги қурилиш ҳудудида ишлаётган ишчилар автобус йўловчиларини қутқариш учун етиб келишган — улар дарёга қутқарув ҳалқаларини ташлашган, бир неча киши ўзини сувга отган.

Кўп ўтмай воқеа жойига қутқарувчилар ва полициячилар етиб келишган — қутқарув амалиётига жами 69 киши жалб этилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса чоғида автобусда 15 киши бўлган. Шундан олти нафари ўзлари мустақил равишда ва гувоҳлар ёрдамида сувдан чиқиб олган, яна тўққиз кишини автобусдан ФВВ ходимлари олиб чиқишган. Вазирлик маълумотига кўра, уч қурбондан ташқари тўрт киши клиник ўлим ҳолатида шифохонага ётқизилган, яна икки жабрланувчининг ҳолати оғир деб баҳоланмоқда.

Айни вақтга келиб автобус сувдан чиқариб олинган.

Автобус ҳайдовчиси қўлга олинган, дастлаб уни ҳам шифохонага, кейин сўроқ қилиш учун олиб кетишган. «Осторожно, новости» канали маълумотига кўра, бу 44 ёшли тожикистонлик Раҳматшоҳ Қурбонов, у Россия фуқаролигини олган. Унинг турмуш ўртоғи  «112» телеграм-канали мухбири билан суҳбатда уни 20 соатлик сменадан кейин эрта тонгда рейсга чиқишга мажбурлашган. Унинг сўзларига кўра, Қурбонов уйга соат тунги иккиларда келганди, унгача эрталаб соат бешдан буён ишда бўлган. Соат 7:30 да, беш соатлик уйқудан уйғотиб, ишга чиқишни сўрашган. Шу билан бирга, маҳаллий расмийлар ишга чиқишдан олдин ҳайдовчи зарур кўрикдан ўтказилганини маълум қилган.

РФ давлат думаси депутати Сергей Миронов авария сабаби айнан ҳайдовчининг миллати бўлиши мумкинлигига ишора қилган.

«Ҳайдовчи — Марказий Осиё мамлакатларидан бирининг вакили. […] Ва биз шунинг учун шундай қонун лойиҳасини киритганмиз: мигрантларга жамоат транспортида ишлашни тақиқлаш, мактабларда ишлашни тақиқлаш, таълим тизимида ишлашни тақиқлаш ҳақидаги», — деган депутат. 

Автобус «Такси» МЖЧга тегишли бўлган. Петербург судлари матбуот хизматига кўра, ушбу компания сўнгги икки ярим йил ичида транспорт соҳасида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда лицензия талабларини қўпол равишда бузгани учун 23 марта, жами 3,6 миллион рубл миқдорида жаримага тортилган. Компанияда маълум қилишларича, автобус 7 май куни режалаштирилган техник хизмат кўрсатишдан ўтказилган ва яхши ҳолатда бўлган.

Ҳодиса юзасидан иккита жиноий иш очилган. Биринчиси — икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлган йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳақидаги модда бўйича (РФ ЖК 264-моддаси 5-қисми, максимал жазо — етти йилга озодликдан маҳрум этиш). Иккинчиси — хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизмат кўрсатиш ҳақидаги модда бўйича (РФ ЖК 238-моддаси 3-қисми, максимал жазоси — ўн йилга озодликдан маҳрум этиш).

Мавзуга оид