Жаҳон | 15:02 / 10.05.2024
12925
2 дақиқада ўқилади

Талабалари хорижда ўқиётган давлатлар орасида Ўзбекистон 5-ўринда қайд этилди

Ўзбекистоннинг қарийб 110 минг талабаси чет элда таҳсил оляпти. Дунё миқёсида охирги 20 йилда ўқиш учун хорижга кетганлар сони 2,2 миллиондан 6,39 миллионга етган.

Фото: iStock

ЮНEСКОнинг хорижда таҳсил олаётган талабалар бўйича 2021 йилдаги ҳисоботига (сўнгги 2 йиллик ҳисоботи эса ҳозирча эълон қилинмаган) кўра, бу борада хитойлик ва ҳиндистонлик талабалар етакчи ҳисобланади.

Хорижда ўқиётган хитойлик талабалар сони 1 миллионни ташкил қилган бўлса, ҳиндистонлик талабалар 508 мингга етган. Рўйхатнинг кейинги ўринларида Ветнам, Германия ва Ўзбекистон турибди. Хорижда Ветнамдан 137 минг, Германиядан 126 минг, Ўзбекистондан 110 минг, Франциядан 106 минг, АҚШдан 103 минг ва Суриядан 99 минг талаба таҳсил олаётгани маълум қилинган.

АҚШ чет эллик талабаларни қабул қилган энг асосий давлатга айланган. 2021 йилда Қўшма Штатлар 833 минг талабани ўқишга олган. Ундан кейин Буюк Британияда – 601 минг, Австралияда – 378 минг, Германияда– 376 минг ва Канадада – 318 минг хорижлик талаба ўқиётгани қайд этилган.

Рақамлар Халқаро Миграция Ташкилоти эълон қилган сўнгги маълумотлардан фойдаланган ҳолда 2024 йилги Жаҳон миграция ҳисоботининг бир қисми сифатида эълон қилинган. Йиғилган маълумотлар охирги 20 йилда халқаро талабалар сони ошиб борганини кўрсатган. ЮНЕСКО 2001 йилда халқаро талабалар сони 2,2 миллион эканини қайд этган бўлса, бу рақам 2021 йилда 6,39 миллионгача ошганини келтирган.

Мавзуга оид