Жаҳон | 07:50 / 10.05.2024
9580
4 дақиқада ўқилади

Зеленский Украина Давлат қўриқлаш бошқармаси раҳбарини ишдан бўшатди

Ишдан бўшатиш «СБУ» ёлланган россиялик агентлар томонидан Украина президентига суиқасд уюштириш режаларини ошкор қилганидан икки кун ўтиб содир бўлди. Ушбу қарорнинг сабаблари кўрсатилмаган.

Сергей Руд Фото: Евгений Котенко / Keystone Press Agency

Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг мамлакат раҳбарига суиқасд уюштириш режаси олди олинганидан сўнг Давлат қўриқлаш бошқармаси («УГО») раҳбари Сергей Рудни ишдан бўшатди. Бу ҳақда 9 май, пайшанба куни кечқурун Украинанинг бир қатор оммавий ахборот воситалари президент тегишли фармонига таяниб хабар берди. Ишдан бўшатиш сабаби айтилмаган. 

2019 йил ноябрь ойидан бери 47 ёшли Сергей Руд амалдорларни ҳимоя қилувчи ва бевосита президентга бўйсунувчи агентлик – «УГО» раҳбари лавозимида ишлаб келаётганди. Бунгача Руд шахсий хавфсизлик ва шу бўлимнинг шахсий таркиби билан ишлаш бўлинмаларида турли лавозимларда ишлаган ва Киев Миллий университетининг «УГО» институтида ишлаган. 

«СБУ» Зеленскийга суиқасднинг олдини олганини эълон қилди

7 май куни Украина Хавфсизлик хизмати («СБУ») Украина президентига суиқасд уюштиришга тайёргарлик кўраётган Россия Федерацияси «ФСБ» бешинчи хизмати агентлари тармоғи фош этилганини эълон қилди. «Контрразведка ва «СБУ» терговчилари «ФСБ»нинг Украина президенти ва мамлакат олий ҳарбий-сиёсий раҳбариятининг бошқа вакилларини йўқ қилиш режаларини барбод қилди», — дейилади Украина махсус хизмати баёнотида.

Фаолияти Москвадан «ФСБ» томонидан назорат қилинган гуруҳга икки «УГО» полковниги кирган. Ҳар икки гумонланувчи қўлга олинди.

«СБУ» маълумотларига кўра, «ФСБ» агентлари тармоғининг вазифаларидан бири президент хавфсизлигига яқин бўлган ҳарбийлар орасидан Зеленскийни гаровга олиб, кейинчалик уни ўлдириши мумкин бўлган ижрочиларни излаш бўлган. Бундан ташқари, департаментнинг таъкидлашича, «ФСБ» «СБУ» раиси Василий Малюк, Мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов ва бошқа юқори мартабали амалдорларни ўлдиришни режалаштирган.

«СБУ» ҳужум қилмоқчи бўлганларнинг режаларини очиқлади

Украина разведка хизмати маълумотларига кўра, режа қуйидагича эди: дастлаб ёлланган агент ҳимояланган шахснинг ҳаракатларини кузатиши ва «ФСБ»га хабар бериши керак эди. Расмий жойлашиши керак бўлган бинога ракета зарбаси йўллаш, сўнгра ҳужум жойида қолган одамларга дрон билан ҳужум қилиш режалаштирилган. Шундан сўнг, руслар бошқа ракета билан зарба беришни, шу жумладан дрондан фойдаланиш изларини йўқ қилишни назарда тутган.

Давлат қўриқлаш бошқармасининг ҳибсга олинган полковниклари исмлари ошкор қилинмаяпти. Шу билан бирга, «РБК-Украина» нашри махсус хизматлардаги манбаларга таяниб, қўлга олинганлардан бирининг исмини келтирмоқда. Нашрнинг ёзишича, бу - Андрей Гук, у Давлат қўриқлаш бошқармаси бўлимларидан бирини бошқарган.

Россиянинг Украинага кенг миқёсли ҳужуми бошланганидан бери Зеленский ва Украина ҳукумати бошқа вакилларига, Киевга кўра, аллақачон бир неча марта суиқасд қилишга уриниш кузатилган. 

Мавзуга оид