Жаҳон | 08:27 / 13.05.2024
4779
3 дақиқада ўқилади

АҚШ давлат котиби: Украина шарқий фронтни ушлаб туриши мумкин

«Биз ҳеч қаерга кетмаяпмиз, худди Украинани қўллаб-қувватлаётган 50 га яқин давлат каби», - деди Энтони Блинкен. Вашингтон Украинага тез ёрдам юбориш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда, дея қўшимча қилди у.

Фото: Tatan Syuflana/AP Photo/picture alliance

Украина «шарқда фронт чизиғини самарали ушлаб туриш, Қора денгизда эришган афзалликларидан фойдаланишда давом этиш, шунингдек, рус қўшинларини, шу жумладан Қримда ҳам ҳужум остида ушлаб туришга қодир, бу эса уларга қийинчилик туғдиради». Бундай фикрни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 12 май, якшанба куни Американинг CBS News телеканалига берган интервюсида билдирди.

Россия қўшинларининг Украинадаги сўнгги муваффақиятларини шарҳлар экан, Давлат департаменти раҳбари ҳозирги вазият «қийин» эканини, аммо Киев ҳали ҳам Ғарб иттифоқчилари ёрдамига ишониши мумкинлигини айтди. «Биз ҳеч қаерга кетмаймиз, худди Украинани қўллаб-қувватлаётган 50 га яқин давлат каби», - дейди у.

Шу билан бирга, Блинкен Киевга АҚШдан янги молиявий ёрдам бериш ва Украинага қурол жўнатиш бўйича келишиб олишнинг бир неча ойлик кечикиши «ўз баҳосига эга бўлганини» тан олди. Бироқ, ҳозир Вашингтон Украинага «жуда тез ёрдам жўнатиш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда», «европаликлар ҳам шундай қилишмоқда», деди Давлат департаменти раҳбари. Шу билан бирга, у АҚШ президенти Жо Байденнинг Киевга 400 миллион доллар ҳарбий ёрдам ажратиш тўғрисидаги 10 май куни эълон қилинган фармонини эслади.

Британиядан Украинага ёрдам

Худди шу куни, 12 майда Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Sky News телеканалига Россия қўшинларининг Харкив яқинида олдинга силжиши ва АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни маъқуллашини кечиктиргани ҳақида изоҳ берар экан, шундай деди: «Бу жуда узоқ давом этгани ачинарли, лекин вазиятни ўзгартиради». 

Май ойи бошида Кэмерон Киевга ташриф буюриб, Британия Украинага ҳар йили «керак бўлганда» 3 миллиард фунт стерлинг миқдорида ҳарбий ёрдам беришини ваъда қилган эди.

Россиянинг Харкив яқинида олға силжиши 

Россия Мудофаа вазирлиги 12 май куни Россия Қуролли кучлари Харкив вилоятидаги яна тўртта аҳоли пункти, хусусан: Гатишче, Красное, Мороховец ва Олейниковони қўлга киритганини маълум қилди. Ҳарбий вазирлик маълумотларига кўра, Россия армияси Украинанинг Волчанск, Дегтярний ва Лопан яқинидаги позицияларига зарбалар берган.

Мавзуга оид