Жаҳон | 23:02 / 14.05.2024
6204
2 дақиқада ўқилади

Исроил танклари Рафаҳнинг шарқий қисмига киргани маълум бўлди

Шаҳар кўчаларида аллақачон тўқнашувлар бошлангани таъкидланмоқда. 

Фото: Reuters

Исроил танклари Рафаҳ шарқидаги аҳоли яшаш жойларига кирди. Reuters хабарига кўра, шаҳар кўчаларида аллақачон тўқнашувлар бошланган. 

Гувоҳларнинг айтишича, Исроил бир қанча биноларни бомбардимон қилганидан сўнг шаҳарнинг шарқий қисмида портлашлар эшитилмоқда, тутун кўринмоқда. 

Аввалроқ Исроил қуролли кучлари вакили Даниэл Ҳагари ижтимоий тармоқда мурожаат қилиб, Рафаҳдаги ҳарбий операция давом этишини айтган ва тинч аҳолини эвакуация қилинишга чақирган эди. У ҳарбийларнинг хатти-ҳаракатлари тинч аҳолига эмас, ҳамасчиларга қаратилганини таъкидлади. 

Reuters маълумотларига кўра, 6 майдан бери Рафаҳни 450 мингга яқин одам тарк этган. Улардан баъзилари Ал-Мавасий ҳудудига - қумли соҳилга кўчиб ўтган. Таъкидланишича, у ерда санитария ва бошқа нормал ҳаёт учун зарур бўлган инфратузилма мавжуд эмас. 

Аввалроқ Ғазонинг фаол жанглар кетаётган бошқа туманларидан бир миллионга яқин қочқин Рафаҳга эвакуация қилинган эди. Тинч аҳолининг қурбон бўлиш хавфи юқори бўлгани сабабли, АҚШ президенти Жо Байден Рафаҳда тўлиқ миқёсда ҳарбий операция ўтказилса, АҚШ Исроилга айрим турдаги қурол ва ўқ-дорилар етказиб беришни тўхтатиб қўйишини айтди. Бунга жавобан Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу, агар керак бўлса, Исроил «қуруқ қўллар билан курашади» деди.

Мавзуга оид