Ўзбекистон | 08:00 / 14.05.2024
1260
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва АҚШ чиқиндиларни бошқариш соҳасида ҳамкорлик қилади

АҚШ билан биоэтанол ва биометан ишлаб чиқариш учун органик чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш масаласи муҳокама қилиняпти.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

АҚШ компанияси билан чиқиндиларни бошқариш соҳасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилади, деб хабар берди Экология вазирлиги.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида АҚШнинг Biologic International LLC компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда вазирликнинг Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази раҳбари Шариф Ҳасанов, Biologic International LLC компанияси бошқарувчи ҳамкори Кешав Ражпал ва Saviday компанияси ҳамкори Sean MacEllin иштирок этди.

Учрашув доирасида делегация масъул вакиллари томонидан компаниялар фаолияти хусусида тўхталиб ўтилди. Хусусан, чиқиндиларни бошқариш, қайта ишлаш ва ундан энергия олишга қаратилган фаолият юзасидан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга доир истиқболли лойиҳалар юзасидан сўз юритилди.

Шунингдек, биоэтанол ва биометан ишлаб чиқариш учун органик чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш, органик чиқиндиларни саралаш каби қатор масалалар ҳам муҳокама қилинди. 

Якунда самарали ҳамкорлик ўрнатиш ва келгусида йирик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш борасида келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид