Жаҳон | 21:55 / 15.05.2024
22865
12 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Русларнинг Харкив областидаги юриши қандай кечмоқда?

Россия Харкив областида олдинга силжимоқда. Лекин бу Харкивни штурм қилишга тайёргарлик ёки Украина қуролли кучларини Белгороддан узоқлаштиришга уриниш бўлиши даргумон. Унда бу юришдан нима ўйланган?

Дмитрий Ягодкин / ТАСС / Profimedia

Россия қўшини шарқда янги фронт очди ва уч кун ичида иккита оператив йўналишда 5–7 километр масофага илгарилади. РФ қуролли кучлари пиёдалари артиллерия ҳамда авиация кўмагида 10 майга ўтар кечаси Белгород ва Харкив областлари чегарасидан ўтиб, дастлаб Украина чегара хизматининг онда-сонда учрайдиган взводларининг бош разведка бошқармаси отрядлари билан кучайтирилган таянч пунктларини эгаллади. Бир кун ўтиб эса РФ қуролли кучлари чегара яқинидаги бир қанча қишлоқларни назоратига олди ва Харкив чеккасидаги Липци қишлоғи ҳамда шарқроқда жойлашган Вовчанск шаҳрига (рус тилида Волчанск) яқинлашиб келишди. 13 май куни ушбу аҳоли яшаш манзилларидан иккинчисини штурм қилиш бошланди.

Вовчанск

  • Харкивдан 50 километр шимоли-шарқда жойлашган (Россия билан чегарадан атиги беш километр) ушбу шаҳар ярим йиллик оккупациядан кейин 2022 йил октябрида Украина қуролли кучлари томонидан озод этилганди. Ўтган вақт мобайнида украин қўшини шаҳар атрофида мустаҳкам мудофаа чизиғи ташкил эта олмади — муҳандислик ишларига Россия билан чегара яқинлиги ва ҳудуд чегаранинг у томонидан мунтазам равишда ўққа тутиб турилгани халал берди.
  • Асосий мудофаа линияси шаҳардан 10–12 километр жануброқдан ўтади. Шимолда фақат тарқоқ ҳолда жойлашган кичик таянч пунктлари жойлашган, Украина қуролли кучлари Россия юриши олдидан Бош разведка бошқармасига бўйсунувчи, базалари Харкив шаҳри ва област ҳудудида бўлган отрядларни («Кракен», «Россия кўнгиллилар корпуси» ва бошқалар; мазкур гуруҳлар йил бошида Белгород областига уюштирилган рейдларда иштирок этганди) ушу нуқталарга юборганди. 
  • Волчя дарёси (Авдийивкадан ғарбдан ўтган шу номли бошқа дарё билан адаштирмаслик керак) шаҳарни қоқ иккига ажратиб туради. РФ қуролли кучлари ҳозирча дарёдан шимолдаги ҳудудга ҳужум қилмоқда. Сўнгги кунларда дарё орқали ўтган бир қанча кўприклар портлатилди (бу ишни рақиблардан қайси бири амалга оширгани — номаълум). Кейинроқ шаҳарнинг кам сонли ҳимоячилари дарё ортига чекингани маълум бўлди. Воқеаларнинг кейинги ривожи РФ қуролли кучлари Волчяни қанчалик тез кечиб, шаҳар ичкарисига ёки ундан ғарбдаги ҳудудга ўтишига боғлиқ.
  • Кўринишидан, Украина қуролли кучлари ҳудуддаги асосий мудофаа чизиғидан шимолда рақибга жанг таклиф этиш учун Вовчанск атрофига захира кучларни ташлашни режалаштирмоқда; Россия қўмондонлиги ҳам украинларнинг 2023 йил ёзидаги қарши ҳужуми чоғида шундай йўл тутганди. Ўшанда асосий мудофаа чизиғига ҳужум қилган Украина қуролли кучлари бригадалари бир неча ҳафталик жанглардан кейин ҳолдан тойган ва асосий мудофаа чизиғини ёриб ўтолмаганди.
  • Украина қуролли кучларининг муаммоси шундаки, 2023 йилдаги РФ қуролли кучларидан фарқли равишда, улар янги фронт чизиғини нолдан ташкил этишига тўғри келади: Донбассда Россиянинг сўнгги ойлардаги тинкани қуритувчи юриши туфайли украин қўмондонлиги иккинчи даражали ва нисбатан сокин бўлган Харкив йўналишида йирик захираларни ушлаб тура олмаганди. Ушбу йўналишда муҳандислик мудофаа иншоотлари бор бўлгани билан (окоплар, траншеялар, бункерлар) улар жанговар қўшинлар билан тўлдирилмаган ҳолатда фойдасиз бўлиб чиқади.
  • 13 май куни Россия қўшини Вовчанскнинг шимолий чеккасига кириб, гўшт комбинати ва турар жойлардан иборат бир неча кварталларни эгаллади. Украина қуролли кучлари юришни артиллерия олови ва дрон зарбалари билан тўхтатишга ҳаракат қилмоқда. Аммо рақибларнинг кучлари (биринчи навбатда, ўт очиш қуввати) тенг эмас: РФ қуролли кучлари 10 майдан буён мунтазам равишда шаҳар бўйлаб ва унинг атрофидаги ҳудудларга артиллерия ва бомбали зарбалар йўлламоқда.

Липци

  • РФ қуролли кучларининг Харкив областидаги юриши учун иккинчи йўналиш Вовчанскдан 20–25 километр ғарброқда танланган. Бу ерда рус қўшини тўғридан тўғри Харкивнинг шимоли-шарқий чеккаси ҳисобланган Липци устига бостириб келмоқда. Бу қишлоқдан Харкив ҳалқа йўлига қадар аҳоли яшаш кварталлари тиғиз жойлашган — бу россиялик ҳарбийлар сўнгги вақтларда қатъий юришлари учун афзал кўраётган ландшафт ҳисобланади: бундай бинолар орасида кузатувдан ва дронлар зарбаларидан самарали яшириниш мумкин.
  • Худди Вовчанскдаги каби бу ҳудудда ҳам Украина қуролли кучларининг асосий мудофаа чизиғи Липцидан жанубда жойлашган. Аммо россияликларнинг ҳужум йўли бўлиши кутилаётган турар жой бинолари истеҳкомлар билан ҳимояланмаган. Шунингдек, юришни секинлаштириши мумкин бўлган табиий сув тўсиқлари ҳам йўқ. Шу билан бирга, юриш қилиш жойи шундай танланганки, унинг қанотларидан бири (ғарбий қанот) йирик сув тўсиғи — Травянский сув омбори билан ҳимояланган. РФ қуролли кучлари айнан шу омбор ёқалаб Липцига кириб келишга уринмоқда.
  • 13 май куни илғор штурм гуруҳлар Липцидан тахминан тўрт километр масофадаги Глубокое қишлоғини эгаллади.

Бу юриш қандай мақсадларга эга бўлиши мумкин?

Зарбалар йўналишига қараганда, Россиянинг юриши Харкивни эгаллаш ёки қуршаб олиш мақсадига эга эмас. Шунингдек, Россия қўмондонлиги Украина қуролли кучларини чегарадан 15–20 километр нарига суриб ташлаб, «санитар зона» ташкил этишни режалаштираётгани (бу иборани аввалроқ Владимир Путин тилга олганди) ҳам даргумон: ҳозирча рус қўшини Украина ҳудудига фақат тор участка бўйлаб кириб келган ва бу фақат Харкивдан шарқда рўй бермоқда.

Катта эҳтимол билан, юриш режаси РФ қуролли кучларининг бошқа амалиётлари билан боғлиқ. Россиянинг 2022 йил баҳоридаги асосий зарбаси айнан Харкивдан  шарқда — Вовчанск орқали берилганди. Ўшанда уларнинг мақсади Изюмни эгаллаш ва кейин Донбасс шимолига — Словянск ва Краматорск шаҳарларига юриш қилиш бўлганди. Украина қуролли кучлари бу юришни фақат 2022 йил ёзига келиб катта қийинчилик билан Словянск яқинида тўхтатишга муваффақ бўлганди.

Эндиликда, Россия қўмондонлиги бундай катта амбицияларга эга режа тузмаган бўлиши керак: катта эҳтимол билан, амалиётнинг мақсади Купянскда украин қўшини ортидан чиқиш ҳисобланади. РФ қуролли кучлари бир йилдан ортиқ вақт мобайнида Оскол дарёси бўйидаги ушбу шаҳарга шарқий соҳилдан зарба бермоқда, аммо уни эгаллаш учун уринишлар бесамар кетмоқда; Вовчанскда муваффақиятга эришиш орқали улар Купянскка ғарбдан яқинлашиб келиши мумкин. Бу юриш мақсади бўйича яна бир муқобил вариант бор — у ҳам Купянск фронтини қулатиш мақсади: Вовчанск ва Липцидан Шимолий Дон дарёси ёқалаб Чуҳийив ва Шевченковога зарба бериш. Режа муваффақиятли бажарилган тақдирда икки вариант ҳам Осколнинг шарқий соҳилида украинларнинг Харкив, Луҳанск ва Донецк областлари туташган ҳудуддаги фронти қулашига олиб келиши мумкин.

Жанглар натижаси (ва кўлами) рақиблар қандай миқдордаги кучларни ҳаракатга келтира олишига боғлиқ бўлади.

Хабарларга кўра, украин қўмондонлиги фронтнинг янги участкасига захира кучлар олиб келмоқда (бу гуруҳ таркиби маълум қилинмаяпти). Украинанинг муаммоси шундаки, захиралар шусиз ҳам кўп эмас: масалан, Россиянинг йирик юриши давом этаётган Авдийивкадан ғарбдаги ҳудудларда вазиятни барқарорлаштириш учун захира кучлар топилмаяпти.

Қўмондонликда фақат сўнгги ойларда фронтдан таътил учун қайтариб олинган бир неча бригада бор. Шунингдек, яна бир неча бригада Россия қўшинларининг Авдийивкадан шимолдаги ёриб ўтишини барибир тўхтата олмаганидан кейин фронт ортига юборилган. 

Шунингдек, «тинч» йўналишлардаги позициялардан бўлинмаларни олиб ўтиш мумкин. Аммо шу билан бирга ёдда тутиш керакки, Россия қўмондонлиги сўнгги вақтларда қўшинларнинг бундай олиб кетилишидан фойдаланиб, мудофаанинг заифлашган нуқталарига зарбалар бермоқда — ва бундай йўналишлар дарҳол «нотинч» бўлиб қолмоқда. Днипронинг сўл соҳилида десант амалиётлар учун ҳаракатланаётган денгиз пиёдалари корпуси бригадалари ҳам захира манбайи бўлиши мумкин: улар Кринки атрофидаги плацдармлардан олиб кетилган тақдирда ҳам ўнг соҳилни дарё тўсиғи ҳимоя қила олади (Россия армияси ҳозирда Днипро дарёсини кечиб ўтиш орқали кенг кўламли десант амалиёти ўтказишга қодир эмас).

Россиянинг юриш қилаётган гуруҳи таркиби ҳам (собранной под началом командования «Север» қўмондонлиги остида янгидан тикланган Ленинград ҳарбий округи штаби базасида тўпланган) тўлиқ аниқ эмас. Шуниси маълумки, Харкив остонасида юриш қилаётган кучлар фақат Ленинград округи қўшинларидан иборат эмас. Катта эҳтимол билан, жангларга қуйидаги бўлинмалар ҳам ташланган:

  • 11-армия корпуси (доимий жойлашув манзили — Калининград области) пиёдалари, айнан айтиладиган бўлса, 18-мотоўқчилар дивизияси; 
  • Ленинград областидаги 6-қўшма армиянинг икки мотоўқчилар бригадаси;
  • 2024 йилда Ленинград областида қайтадан ташкил этилган 44-армия корпуси (штат бўйича — янги 72-мотоўқчилар дивизияси ва битта мотоўқчилар бригадаси; ҳақиқий таркиби номаълум).

11-корпус ва 6-армия уруш давомида юқори жанговар самарадорлик кўрсата олмаган. Хусусан, 2022 йил кузида Украина қуролли кучлари ёриб ўтган маҳалда Балаклияни айнан 11-корпус ҳимоя қилганди; 6-армиянинг икки бригадаси икки йилдан буён Купянскка кириб бориш учун беҳуда уринди. Қайтадан тузилган 44-корпус эса жанглар синовидан ўтмаган. Март ойида ҳам унинг сафларига шартнома асосида хизмат қилувчиларни ёллаш ишлари фаоллик билан олиб борилаётганди.

Бу гуруҳ таркибидан Ленинград округининг жанговар тузилмалари ўрин олмаган: Арктиканинг 200-мотоўқчи бригадаси Часив Ярга юриш қилмоқда, Шимолий флотнинг 80- ва 61-денгиз пиёдалари бригадалари эса Днипронинг чап соҳилида жанг қилмоқда.

Округнинг агар энг жанговар тузилмаси бўлмаса ҳам, энг машҳури ҳисобланган Ҳаво-десант кучларининг Псковдаги 76-десант-штурм дивизияси қаердалиги маълум эмас. 2023 йил ёзидан буён сўнгги вақтларгача ушбу дивизия Запорижжя областида (Украина ҚК ўтган йил ёзидаги юриши вақтида асосий зарбасини берган Работине ва Вербове ҳудудларида) жанг қилганди. Дивизия қўмондонлигига яқин бўлган каналлар дивизия март ойида Курск областига олиб кетилганига ишора қилганди («Север» гуруҳининг бошқа бўлинмалари ҳам ўша ерда жойлашганди). Ушбу десантчилар тузилмаси (ёки унинг бир қисми) Россиянинг Харкив областидаги юриши учун захира сифатида ушлаб турилган бўлиши ҳам мумкин.

Мазкур юришга жалб этилган қўшинлар сони 50–60 минг кишига баҳоланмоқда. Аммо ҳозирча унинг фақат бир қисми жангларга ташланган. Юриш қилаётган гуруҳ ҳозирча зирҳли техникалардан деярли фойдаланмаяпти — Харкивдан шарқда кечаётган жанглар акс этган видеоларда фақат штурмчи пиёда бўлинмаларини кўриш мумкин. Уларни кучли ракета-артиллерия гуруҳи, шунингдек авиация қўллаб турибди. Катта эҳтимол билан, қўмондонлик зирҳли танк кучларини Украина қуролли кучлари мудофааси ёриб ўтилганидан кейин жангга ташлашни мўлжаллаган. Табиийки, фақат пиёдалар орқали олиб борилаётган юриш суръати юқори эмас — ва бу украин захира кучлари фронтга етиб келмаган ҳолатда.

Ҳозирча Россия гуруҳи кучлари ҳатто юриш Купянск фронтидаги вазиятга таъсир кўрсатиши учун ҳам етарли бўлиб кўринмаяпти. Россия қўмондонлиги ўз олдига нисбатан камтарона мақсадларни қўйган бўлиши ҳам мумкин: Украина қуролли кучларини барча захираларни Харкив атрофига олиб ўтишга мажбур қилиш — бу орқали, улардан Донбассдаги жангларда фойдаланилмаслигига эришиш. 

Аммо душман захираларини унга йўналтириш учун фронтнинг янги участкасини очиш ғоясининг ўзи — муваффақиятли бўлиб чиқмаслиги мумкин. РФ қуролли кучларига Авдийивка ва Часив Яр атрофидаги муваффақиятни ривожлантириш учун ҳам куч етишмаяпти. Афтидан, Ленинград округининг захирадаги қўшинларини Харкив атрофидаги фронтнинг чекка участкасига эмас, балки Кремл урушдаги сиёсий мақсадларига эришишга уринаётган Донбасс марказига жамлаш мантиқан тўғрироқ бўларди.

Мавзуга оид