Ўзбекистон | 09:50 / 16.05.2024
1680
2 дақиқада ўқилади

Суғурталовчиларга нисбатан жарима санкцияларини қўллаш тартиби тасдиқланди 

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини, шу жумладан белгиланган иқтисодий нормативларни бузгани учун устав капитали энг кам миқдори 0,1 фоиз миқдоригача жарима қўллашга ҳақли.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг буйруғи билан Суғурталовчиларга нисбатан жарима санкцияларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини, шу жумладан белгиланган иқтисодий нормативларни бузганлиги учун устав капитали энг кам миқдорининг 0,1 фоиз миқдоригача жарима қўллашга ҳақли. Бунда, суғурталовчига қўлланиладиган жарималарнинг умумий миқдори устав капиталининг энг кам миқдори 1,0 фоизидан ортиқ бўлмаслиги лозим. 

Жарима санкцияларини қўллаш асосларига қуйидагилар киради:

- ваколатли давлат органининг ўз ваколатлари доирасида амалга оширилган назорат тадбирлари ва текшириш натижасида олинган маълумотлар ва расмийлаштирилган ҳужжатлар;
- қонунчиликка мувофиқ ваколатли давлат органига топшириладиган ҳисоботлар ва маълумотлар;
- аудиторлик ва актуар ташкилотлари томонидан ўтказилган текширув натижалари бўйича хулоса ва бошқалар.

Суғурталовчиларга нисбатан жарима санкцияларини қўллаш тўғрисидаги қарор ваколатли давлат органининг раҳбари ёки ўринбосари томонидан қабул қилинади. Бундай қарорни қабул қилишга ишчи комиссиянинг хулосаси асос бўлади.

Ваколатли давлат органининг жарима санкцияларини қўллаш тўғрисидаги қароридан норози бўлган суғурталовчи қарордан кўчирмани олган санадан бошлаб ўн беш кун ичида апелляция кенгашига ёзма равишда шикоят бериш ёки қонунчиликда белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. 

Низом билан муайян турдаги ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун жарималар миқдорини ўз ичига оладиган илова (“Суғурталовчилар томонидан содир этилган қоидабузарликлар учун ваколатли давлат органи томонидан қўлланиладиган жарима санкциялари”) тасдиқланди.

Мавзуга оид