Жаҳон | 07:38 / 17.05.2024
1680
4 дақиқада ўқилади

Европарламент депутати Хитой махсус хизматларидан пул олганликда гумонланмоқда

Максимилиан Кранинг Хитой фойдасига жосусликда гумон қилинган собиқ ёрдамчиси унинг ҳисоб рақамларига пул ўтказган. Тергов уларнинг келиб чиқишини аниқламоқда. ГуМ депутати, шунингдек, Россия Федерациясидан тўловлар олганликда ҳам гумон қилинмоқда.

Фото: Picture Alliance

Ўнг қанот популистик «Германия учун муқобил» (ГуМ) партиясидан Европарламент депутати Максимилиан Кра Хитой разведка хизматларидан пул олган бўлиши мумкин. Бу ҳақда WDR, NDR медиа-компаниялари ва Süddeutsche Zeitung (SZ) газетасининг 16 май, пайшанба куни чоп этилган суриштирувида айтилади. Воситачи Кра офисининг ходими бўлиши мумкин - аслиб келиб чиқиш хитойлик бўлган Германия фуқароси Цзян Г., у хорижий разведка хизматининг агенти сифатида ишлаганликда гумон қилинмоқда.

Тергов маълумотларига кўра, Г. бўлажак Европарламент сайловларида ГуМнинг етакчи номзодига катта суммани бир неча бор юборган, шу жумладан Кра юридик фирмаси томонидан берилган сохта ҳисоб-фактуралар орқали. Шундай қилиб, терговчилар адвокатлик фирмасининг ҳисобига Хитой компаниясидан келиб тушган 14 минг еврони аниқлади. Кранинг ўзи 2023 йил январ ойида адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш лицензиясидан воз кечганини айтди. 

Цзян Г.нинг тутиб олинган хабарлари

Хавфсизлик идоралари Цзян Г. фаолияти ҳақида унинг алоқаларини бир йилдан ортиқ кузатиб бориш орқали маълумот олган. Хусусан, хабарлардан бирида эркак 20 йил давомида Хитой разведка хизматининг ходими бўлганини маълум қилган. Яна бир хабарда Г. Европарламент депутати раҳбарига жами 50 минг евродан ортиқ пул тўлаганини айтган. Терговчилар пуллар депутат ёрдамчисининг ўз маблағлари ҳисобидан эмас, балки Хитой разведкаси ҳисобидан келганини тахмин қилмоқда. 

Кра ўз адвокати орқали ОАВ сўровларидан аввал ёрдамчисига эҳтимолий пул тўловлари бўйича гумонлар ҳақида «билмаганини» тушунтирди. Дрезден прокуратураси Крага нисбатан «парламент аъзоси сифатидаги фаолияти учун Россия ва Хитойдан пул олгани ҳақидаги тахминлар» бўйича дастлабки тергов ўтказмоқда.

Кранинг ходими ҳибсга олиниши

Кранинг ёрдамчиси Цзян Г. 22 апрел куни Дрезденда жиноят ишлари бўйича бошқарма ходимлари томонидан қўлга олинди. Унинг уйида тинтув ўтказилди. Германия бош прокурори у «Хитой разведка хизмати ходими» эканлигини ва 2024 йил январ ойида «Европа парламентидаги музокаралар ва қарорлар ҳақидаги маълумотни разведка хизматидан бўлган буюртмачига» узатганини айтди. Европарламентдан расмий маълумотларни топширишдан ташқари, у разведка хизматининг кўрсатмаси билан Германиядаги хитойлик мухолифатчиларни кузатиш билан шуғулланган. 24 апрел куни Цзян Г. ҳибсга олинди. 

Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, ҳибсга олинган Цзян Г. Европарламентдан маълумотни хорижий разведка хизматига узатган. Максимилиан Кранинг ўзи Халқаро савдо қўмитаси, шунингдек, Европа Иттифоқи парламентининг инсон ҳуқуқлари, хавфсизлик ва мудофаа бўйича қуйи қўмиталарининг аъзоси ва АҚШ билан алоқалар бўйича делегация таркибига киради. У 2019 йилдан буён бирга ишлаган ходими ҳибсга олингани ҳақида ОАВдан билганини айтди. У қўшимча маълумотга эга эмаслигини билдирди. «Хорижий давлат фойдасига жосуслик қилиш жиддий айбловдир», деди Кра Цзян Г.ни дарҳол ишдан бўшатганини қўшимча қилиб.

Европада рус пропагандаси билан боғлиқ янги можаро март ойида, Чехия ҳукумати Европада Россия давлати ташвиқотини тарқатиш ва европалик сиёсатчиларга пора бериш билан шуғулланган «Россия томонидан молиялаштирилган таъсир тармоғи» топилганини эълон қилганидан сўнг авж олди. Германиянинг Der Spiegel нашри ва Чехиянинг Denik N газетаси томонидан тафсилотлар эълон қилинди. Уларга кўра, схеманинг бир қисми Voice of Europe янгиликлар сайти бўлиб, тармоқ марказида «Мухолифат платформаси - ҳаёт учун» собиқ россияпараст Украина партияси раҳбари ва Россия президентига яқин шахс Виктор Медведчук турган.

Мавзуга оид