Жаҳон | 18:49 / 17.05.2024
9296
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Харкив областида вазият барқарорлашганини маълум қилди

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Украина қўшини Харкив области шимолида Россия юриши билан боғлиқ вазиятни «барқарорлаштириш»га муваффақ бўлган — РФ қўшини сўнгги ҳафта давомида фронтнинг мазкур участкасида камида ўн километрга илгарилаганди. Бу ҳақда 17 май куни журналистлар билан мулоқотда Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилди.

«Бугунги кун учун асосийси — бизнинг мудофаа кучларимиз вазиятни барқарорлаштиришди… Бугун мудофаа кучларимиз россияликларни турган жойида тўхтатди. Уларнинг энг чуқур кириб келган нуқтаси — 10 километр. Йўналишда душманнинг айрим бригадаларида ҳеч қандай илгарилаш йўқ — бунгача ҳам бўлмаганди», — дея президентдан иқтибос келтирган «Украинская правда».

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия қўшини «мудофаанинг бетон линияси»гача етиб келмаган ва биринчи линия атрофида бўлиб турибди.

Биринчи линия — чегара эмас, у ерда қуриб бўлмайди, чунки у ерда ишлаган одамлар россияликлар ишлатган қуроллардан ҳалок бўлди. Улар ҳозир тахминан ўша ерда. Бу биринчи линия, бу ҳарбийларимиз урушда, тўхтовсиз зарбалар остида қурган линия. Биринчи ва иккинчи линияни ҳарбийлар қуришган, учинчисини эса маҳаллий ҳукумат. Буниси энг кучлиси — бу улар ҳарбийлардан яхшироқ экани учун эмас, шунчаки бу чизиқ қуроллардан, снарядлардан, отишмалардан йироқ бўлгани учун.

Россия қўшинининг асосий нишони Вовчанск шаҳри ҳисобланади, дея қўшимча қилган президент.

  • Россия қўшини 10 май куни Харкив областида юриш бошлаганди. Украина қуролли кучлари бош штаби 13 май куни россиялик ҳарбийлар Вовчанск учун жангларда «тактик ютуқларга эгалиги» ҳақида маълум қилганди. Кейинги куни Украина қуролли кучлари Вовчанск атрофидаги кучларини «нисбатан қулайроқ позициялар»га ўтказганини маълум қилди. Бош штабнинг 16 май кунги ҳисоботида украиналик ҳарбийлар Россиянинг Вовчанскдаги кварталларга кириб келиш ва мустаҳкамланиш режалари йўққа чиқарилгани маълум қилинган.

Мавзуга оид