Украина президенти: Ҳаво ҳужумидан мудофаа эҳтиёжлари чорак қисмга ёпилди
Володимир Зеленский AFP агентлигига берган интервюсида ҳаво мудофаасининг йўқлиги, Украина Қуролли кучлари жанговар руҳи, Ғарбнинг Россиядаги нишонларга зарба беришни тақиқлаши, Харкив яқинидаги Россия ҳужуми, «Олимпия келишуви» ва Хитойнинг тинчлик саммитидаги иштироки ҳақида гапирди.
Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига бўлган эҳтиёжи атиги чорак қисмга ёпилди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 18 май, шанба куни чоп этилган AFP агентлигига берган интервюсида маълум қилди. Бундан ташқари, Россиянинг ҳаводаги устунлигини тугатиш учун мамлакатга 120-130 та замонавий жанговар самолёт керак, дея қўшимча қилди Украина раҳбари F-16 кўп мақсадли қирувчиларини мисол сифатида келтириб.
Қўшинларнинг руҳий ҳолати ҳақида
Шу билан бирга, Зеленский ҳарбий хизматчиларнинг етишмаслиги ва Украина Қуролли кучлари руҳий ҳолати билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини таъкидлади. «Биз захираларни тўлдиришимиз керак», деди у. Мавжуд бригадалар орасида «асосий қисми бўш», деб тушунтирди Украина раҳбари. «Биз буни қилишимиз керак, шунда йигитлар нормал ротацияга эга бўладилар», - дея қўшимча қилди давлат раҳбари. Украинада 18 май куни кенг кўламли сафарбарлик тўғрисидаги қонун тўлиқ кучга кирди.
Россия учун «энг катта устунлик»
Шу билан бирга, Зеленский Ғарб давлатларининг Россия ҳудудига ҳужумлар учун улар етказиб берган қуроллардан фойдаланишни тақиқловчи позициясини танқид қилди. Бу ҳолат Россия Федерацияси учун «энг катта устунлик», деб ҳисоблайди у. «Ғарб Россия урушда ютқазиб қўйишидан қўрқишини кўриб биз ғалати вазиятга тушиб қолдик. У Украина ҳам ютқазишини истамайди», - дея таъкидлади AFP суҳбатдоши.
«Албатта, биз урушнинг адолатли якунланишини истаймиз, Ғарб урушнинг тезроқ тугашини хоҳлайди», — дея қўшимча қилди давлат раҳбари.
Харкив вилоятида вазият назоратга олинган
Зеленский Россиянинг Харкив вилоятидаги ҳужумини эътиборсиз қолдирмади. Украина раҳбари сўзларига кўра, бу Россия Қуролли кучлари томонидан ҳужумларнинг «биринчи тўлқини» бўлиши мумкин. Россия қўшинлари Украина армияси томонидан тўхтатилгунга қадар чегарадан «беш-ўн километр» ичкарига ўтишди, деди у.
Минтақада вазият «назорат қилинмоқда», аммо «барқарорлаштирилмаган», дея қўшимча қилди Зеленский. Унинг фикрига кўра, рус қўшинлари Харкивга ҳужум қилиш ниятида, аммо бу «жуда қийин» бўлишини тушуняпти. Шу билан бирга, Россия президенти Владимир Путиннинг таъкидлашича, Россия армияси «бугунги кунда» Харкивни эгаллашни режалаштирмаган, балки Белгород вилояти билан чегарадош ҳудудларда «санитар зона» яратишга ҳаракат қилмоқда.
Киев душман фойдасига ишлайдиган ҳар қандай сулҳга қарши
Бундан ташқари, Украина раҳбари Франция президенти Эммануэл Макроннинг Париждаги ёзги Олимпия ўйинлари вақтида сулҳ тузиш таклифига шубҳа билан қаради. «Биринчидан, биз Путинга ишонмаймиз. Иккинчидан, у қўшинларни олиб чиқиб кетмайди. Учинчидан, Россия бу вақтдан фойдаланиб, бизнинг ҳудудимизга ўз қўшинларини киритмаслигига ким кафолат беради?» – тушунтирди Зеленский. «Биз душман фойдасига ишлайдиган ҳар қандай сулҳга қаршимиз», деб таъкидлади Украина давлати раҳбари.
Хитой ва Швейцариядаги тинчлик саммити ҳақида
Шу билан бирга, Зеленский Хитойнинг Украина бўйича бўлиб ўтадиган тинчлик саммитида иштирок этишидан манфаатдорлигини билдирди. Хитой учун урушда Россиянинг эҳтимолий мағлубияти «Ғарб ғалабасини» англатади ва Пекин «улар ўртасида мувозанатни топишни хоҳлайди», деди Украина раҳбари. «Шунинг учун мен Хитойнинг Швейцарияда 15-16 июн кунлари бўлиб ўтадиган конференциясида иштирок этишини истардим», деб тушунтирди агентлик суҳбатдоши. Хитой каби глобал ўйинчиларнинг тадбирда иштирок этиши муҳим, чунки улар Москвага таъсир ўтказишга қодир, деб ҳисоблайди Украина президенти.
Мавзуга оид
08:37
Сибига: УҚК қанчалик узоқроқ зарба берса, уруш шунчалик тезроқ тугайди
01:00
Боррел АҚШ Киевга 300 километргача бўлган масофада Россия ичкарисига зарба йўллашга рухсат берганини тасдиқлади
22:02 / 18.11.2024
Украина узоқ масофага учадиган ракеталар учун рухсат олди: энди нима бўлади?
21:08 / 18.11.2024