Франция Янги Каледонияга қўшин юборди
Океан ортидаги ҳудудда мустақиллик ҳаракати туфайли тартибсизликлар бошланган. Франция Озарбойжонни айирмачиларни қўллашда айблаган.
Франциянинг денгиз ортидаги ҳудуди бўлмиш Янги Каледонияда бир ҳафтадан буён оммавий тартибсизликлар давом этмоқда. Бунга француз парламентининг оролдаги маҳаллий сайловларда метрополиядан келганларга овоз бериш ҳуқуқини тақдим этиш тўғрисидаги қарори сабаб бўлди, маҳаллий аҳоли вакиллари буни Парижнинг архипелагдаги таъсирини кучайтириш ҳамда уларга мустақилликка эришишга йўл қўймасликка уриниш сифатида баҳоламоқда. Франция Янги Каледонияда фавқулодда ҳолат эълон қилган — ва кутилмаганда Озарбойжонни норозилик намойишларини ташкиллаштиришга алоқадорликда айблаган.
Янги Каледония қандай жой ўзи?
Янги Каледония — Тинч океанида шу номдаги катта орол ҳамда унинг атрофидаги бир қанча кичик ороллардан иборат архипелаг бўлиб, Австралиянинг шарқий соҳилларидан тахминан бир ярим минг километр масофада, яшил қитъа ва Фиджи ороллари ўртасида жойлашган. Аввалига француз ҳукумати бу ҳудуддан маҳбусларни сақлаш жойи сифатида фойдаланган: 1864 йилдан 1897 йилга қадар бу ерга 22 минг атрофида жиноятчи юборилган. XIX асрда бу ердаги асосий маҳаллий аҳоли — канаклар (Меланезия халқларидан бири) бир неча бор исён кўтарган.
Бугунги кунда орол аҳолиси — 300 минг киши атрофида. Шундан 40 фоиздан ортиғини (112 минг киши) канаклар ташкил этади, яна 25 фоизга яқинини — европаликлар, қолган қисми — метислар ва бошқа халқлар вакилларидан иборат. Янги Каледонияда хром, кобалт, молибден ва олтин, шунингдек никел қазиб олинади, унинг захиралари бўйича Янги Каледония дунёда Индонезиядан кейинги иккинчи ўринда туради.
Янги Каледония Франциядан мухтор автономия бўлса-да, кўп масалаларда, жумладан мудофаа ва таълим масалаларида унга жиддий қарам. У шунингдек Париждан катта субсидиялар олади.
Янги Каледония расман «махсус мақомга эга маъмурий-ҳудудий бирлик» сифатида Франция таркибига киради. Бундай алоҳида мақом 1998 йилда канакларнинг мустақиллик учун йигирма йил давом этган қуролли курашидан кейин француз қонунчилигида мустаҳкамлаб қўйилган. Унга кўра, Янги Каледония Франция таркибида қолган, аммо Париж 20 йилдан кейин мустақиллик бўйича камида учта референдум ўтказилишини кафолатлаган. Референдумлар 2018, 2020 ва 2021 йилларда ўтказилди — уч сафар ҳам сайловчиларнинг кўпчилик қисми (56 фоиз, 53 фоиз ва 95 фоиздан) мустақилликка қарши овоз беришган.
Шу билан бирга, 1998 йилги келишувда Янги Каледониядаги референдумлар ва маҳаллий сайловларда фақат ўша вақтда архипелагда яшаб турганлар ҳамда уларнинг авлодлари овоз бериши мумкинлиги белгилаб қўйилганди. Франциянинг Европадаги қисмидан Янги Каледонияга келувчи ва табиийки Париждаги ҳокимиятга мойил бўлган, мустақилликка қарши кучлар устунликка эришмаслиги учун шундай йўл тутилган. 2024 йилга келиб бундай одамлар сони 42 мингга етди — бу орол аҳолисининг қарийб бешдан бир қисмидир.
Бундай аҳоли сони ошиши муносабати билан Франция парламенти уларга овоз беришни тақиқловчи чекловларни бекор қилиш ташаббуси билан чиқди: 2 апрел куни сенат мамлакатнинг Янги Каледонияда расман 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида яшаб келаётган барча аҳолисига овоз бериш ҳуқуқини тақдим этишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади — улар муқаддам ушбу регионга ҳеч қандай алоқадор бўлмаган бўлса ҳам. Айнан шу ҳолат тартибсизликлар келтириб чиқарди.
Тартибсизликлар келтирган зарар Янги Каледония ялпи ишлаб маҳсулот ҳажмининг 2,5 фоизини ташкил этади. Уларни бостириш учун армия жалб этилган
Қонун лойиҳаси туфайли кўпдан кўп акциялар (улар тарафдорлар томонидан ҳам, қаршилар томонидан ҳам ўтказилди) апрел ойи ўрталарида бошланган ва аввалига тинч кечаётганди. Аммо 13 май куни, ҳужжат Франция парламентининг қуйи палатасида муҳокама қилиниши арафасида унга қаршиларнинг навбатдаги намойиши тартибсизликларга айланиб кетди: митинг иштирокчилари дўконлар ва ёнилғи қуйиш шохобчаларини талашди ва ўт қўйишди, машиналарни ағдариб, полициячилар билан тўқнашувларга киришди. Тартибсизликлар кейинги кунларда ҳам давом этди.
15 май куни Париж Янги Каледония ҳудудида расман 12 кун муддатга фавқулодда ҳолат эълон қилди. ФВ режимаи доирасида расмийлар TikTok платформасини блоклашди, бу хитойликларнинг ушбу ижтимоий тармоғида тартибсизликларга чақириқлар кенг тарқалгани билан изоҳланди — бу ушбу ижтимоий тармоқнинг Евроиттифоқ аъзоси бўлган мамлакат томонидан блокланиши билан боғлиқ илк ҳолатдир. Мактабларда дарслар тўхтатилди, оммавий йиғилишлар ўтказиш ва алкогол сотишга расман тақиқ қўйилди, шунингдек, комендантлик соати жорий этилди. Метрополия расмийлари Янги Каледонияга ҳуқуқ-тартибот органларининг минг кишилик контингентини юборди, полициячиларга ёрдам учун мунтазам армия қисмлари жойлаштирилди.
Франция бош вазири Габриэл Аттал ҳарбийлар Янги Каледонияда жойлашган портлар ва асосий аэропорт хавфсизлигини таъминлашини маълум қилган.
Тартибсизликлар чоғида кўплаб супермаркетлар талончиликка учрагани туфайли Янги Каледонияда озиқ-овқат таъминотида тақчиллик бошланди, пойтахт Нумеада улкан навбатлар пайдо бўлди. Айрим супермаркетлар бир вақтнинг ўзида кирадиган одамлар сонига, шунингдек бир қўлга сотиладиган маҳсулотлар миқдорига чекловлар киритди. Бу фонда Франция ҳукумати оролга қўшимча озиқ-овқат захиралари юборилишини эълон қилди.
Тўқнашувлар оқибатида беш киши ҳалок бўлган — намойишчиларнинг уч нафари ва ҳуқуқ тартибот органларининг икки ходими. Франция ички ишлар вазири Жералд Дарманеннинг маълум қилишича, юзлаб кишилар, жумладан 100 га яқин полициячи яраланган. 200 га яқин киши қўлга олинган, талончилик ташкилотчилигида гумонланган ўнлаб кишилар уй қамоғига ташланган. Тўрт кунлик тартибсизликлар давомида 200 миллион евро миқдорида зарар етказилган — бу ушбу регион ЯИМнинг 2,5 фоизи демакдир. 17 май тонгида расмийлар талончилик ҳолатлари камайганини, аммо вазият кескинлигича қолаётганини маълум қилди.
Тартибсизликларга қарамай, 15 майга ўтар кечаси Франция парламентининг қуйи палатаси қонун лойиҳасини 351 овоз билан (153 киши қарши) қабул қилди. Энди ҳужжат парламентнинг қуйи ва юқори палаталарининг қўшма йиғилишида узил-кесил тасдиқланиши лозим, бунда депутатларнинг учдан икки қисмининг қўллаб-қувватлаши талаб этилади.
Франция Озарбойжонни тартибсизликларга алоқадорликда айблади. Бокудагилар барчасини рад этди
Францияда юз минглаб этник арманлар яшайди, шунинг учун расмий Париж азалдан Арманистоннинг иттифоқчиси саналади. Масалан, Қорабоғдаги сўнгги урушда президент Эммануэл Макрон Озарбойжоннинг куч қўллашини дунёдаги барча етакчилардан кўра кескинроқ оҳангда қоралаб чиққанди.
Ўтган ойда Франция Озарбойжондан ўз элчисини чақириб олган, Озарбойжон бунга жавобан Францияни «бузғунчилик фаолияти»да айблаган.
Франция билан муносабатлар ёмонлашиши фонида Озарбойжон 2019 йилдаёқ Каледония мустақиллиги тарафдорлари билан алоқаларни ривожлантиришни бошлаганди, буни «мустамлака қилинган халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи»ни қўллаб-қувватлаш билан изоҳлаган. 2023 йил июлида Боку ташаббус гуруҳи тузилган — расмий равишда ҳукуматдан мустақил ҳисобланадиган бу ташкилот мақсади француз мустамлакачилигига қарши курашиш эди. 2024 йил апрел ойи охирида — намойишлар фонида — Озарбойжондаги давлат нашрлари Бокуга Янги Каледония парламенти депутати Бокуга ташриф буюргани ва Озарбойжонга мустақилликка интилишларни қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдиргани ҳақида хабар берган.
Янги Каледониядаги намойишчиларга Озарбойжон томонидан қандайдир молиявий ёрдам кўрсатилганига ҳеч қандай далил йўқ. Шу билан бирга, мустақиллик тарафдорлари намойишлар чоғида Озарбойжон байроқлари ҳамда ушбу мамлакат президенти Илҳом Алиевнинг портретларини кўтариб юришган.
16 май куни эса Франция ИИВ раҳбари Жералд Дарманен тўғридан тўғри Озарбойжон ҳукумати Янги Каледониядаги воқеаларга алоқадорлиги ҳақида айтди. «Бу фантазия эмас, бе реаллик. Афсуски, Янги Каледония мустақиллигини талаб қилаётган айрим айирмачилар Озарбойжон билан келишувга эга, бунга шубҳа йўқ», — деган душанба куни France 2 телеканалига берган интервюсида. У «агар аралашувга уринишлар бўлган тақдирда ҳам, Франция барибир ўз ҳудуди устидан суверенитетни сақлаб қолиши»ни қўшимча қилган.
Дарманен гап айнан қандай аралашув ҳақида бораётганига аниқлик киритмаган, аммо Озарбойжон ТИВ бу айбловга жавобан махсус баёнот эълон қилиб, «французлар вазирининг асоссиз фикрлари тўлиқ рад этилиши»ни маълум қилган ва ўз навбатида Парижни «туҳматлар кампанияси» ўтказишда айблаган.
«Франция ички ишлар вазири Озарбойжонни Янги Каледониядаги мустақиллик тарафдорларининг норозилик намойишларини қўллаб-қувватлашда айблагандан кўра, ўз мамлакатининг денгиз ортидаги ҳудудларида бундай намойишларга сабаб бўлган муваффақиятсиз сиёсатига эътибор қаратиши лозим, — дейилган Боку баёнотида. — Биз Францияни яна бир бор мамлакатимизга қарши асоссиз даъволарни тўхтатишга чақирамиз».
Мавзуга оид
14:22 / 24.11.2024
Париж: Украина Россия ҳудудига SCALP ракеталари билан зарба йўллаши мумкин
22:35 / 23.11.2024
Францияда депутатларнинг Telegram аккаунтлари бузиб кирилгани юзасидан тергов бошланди
23:05 / 22.11.2024
Франциядаги музейдан 7 млн евролик заргарлик буюмлари ўғирлаб кетилди
00:59 / 21.11.2024