Эрон президентининг ҳалокати: бирламчи мулоҳазалар
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'даги доимий колонкасида Эрондаги авиаҳалокат Яқин Шарқдаги кескин вазият фонида қасддан уюштирилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар нима учун асоссиз экани борасида сўз юритди.
Кеча, 19 май куни Эрон президенти бошчилигидаги давлат делегацияси қўшни Озарбойжонга борган ва давлат аҳамиятидаги йирик келишувларни муваффақиятли якунлаб, қайтиш жараёнида авиаҳалокатга учраган. Эрон президенти кортежи учта вертолётдан иборат бўлган. Қолган икки вертолёт манзилга етиб борган, фақатгина президент Иброҳим Раисий ўтирган вертолёт ҳалокатга учраган. Вертолётда жами 9 киши бўлган. Эрон ташқи ишлари вазири Ҳуссайн Амир Абдуллаҳиян ҳам шулар жумласидан.
Иброҳим Раисий 1960 йилда Эроннинг диний муқаддас шаҳарларидан бири Машҳадда, диний олимлар оиласида дунёга келган. Асли юрист бўлган Раисий 2021 йилда президент бўлиб сайланишидан олдин, Эроннинг суд ҳокимиятида раҳбарлик қилиб келган.
Эрон – геосиёсий жуда муҳим давлатлардан бири. Бу давлатда 1979 йилда ислом инқилоби амалга оширилгач, Эрон Ислом Республикасининг АҚШ бошчилигидаги коллектив ғарб давлатлари билан муносабатлари жуда зиддиятли ёки салбий даражада бўлиб келяпти. АҚШ билан ҳалига қадар тўғридан тўғри дипломатик алоқаларга эга эмас. АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг яқин иттифоқчиси Исроил эса Эронни ўзи учун дунёдаги энг катта душман деб билади. Эрон ҳам Исроилни “Фаластин ҳудудларини босиб олган босқинчи давлат”, “террорчи давлат” деб билади ва Фаластин ҳудудларида ягона Фаластин давлати бўлиши керак деб ҳисоблайди.
Шунинг учун ҳам Эрон президенти ўтирган вертолёт ҳалокатга учраши ва президент вафот этиши кўплаб экспертлар ва кенг жамоатчилик томонидан ҳар хил шубҳа ва гумонларга сабаб бўлиши – табиий. Хўш, Эрон президентининг ҳалокатга учраши уюштирилган бўлиши мумкинми? Бу уюштириш орқали ташқи ёки ички кучлар, давлатлар қандай мақсадларга эришиши мумкин, деган ўринли савол пайдо бўлади.
Аввало, Эрон Ислом Республикасида президентнинг мақоми, ҳокимият иерархиясидаги ўрни қандай, деган саволга жавоб бериш керак. 1979 йилда ислом инқилоби амалга оширилгач, инқилоб раҳбари Имом Ҳумайний бошчилигида ўзига хос давлат тузилиши жорий қилинди. Эрон – республика, у халқ номидан бошқарилади. Исломий давлатчиликни сақлаб туриш учун эса, давлатнинг энг олий раҳбари – оятуллоҳ деб белгиланган ва у халқ томонидан эмас, диний кенгаш томонидан сайланади. Сайланган имом давлатнинг энг муҳим ҳокимият ваколатларини идора этади.
1979-89 йиллар давомида давлат раҳбари – олий имом оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний эди. 1989 йилдан буён давлат раҳбари – Али Хоминаий. Ўзбекистон давлатчилиги мисолида айтадиган бўлсак, Эрондаги президентлар – биздаги бош вазир мақомига яқин келади. Яъни Эронда хавфсизлик, ташқи ишлар, ички сиёсатдаги энг муҳим йўналишларнинг барчасини давлат раҳбари – Имом Хоминаий белгилаб беради, президент эса ижрочи шахс ҳисобланади. Олий қарорларни имом Хоминаий қабул қилади, президент уларнинг ижросини таъминлайди ва имомга, диний кенгашга ва парламентга ҳисобот беради.
Қолаверса, Иброҳим Раисий – консерватор сиёсатчи эди. У билан Имом Хоминаий ҳамда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ўртасида тирашувлар, тўқнашувлар кузатилмаган эди.
Шундан келиб чиқиб, Эронда президентнинг ўлими – давлат сиёсатини тубдан ўзгартирмайди. Ташқи кучлар яхши биладики, Эрон президентининг ўлими – Эроннинг ташқи сиёсати ўзгаришига олиб келмайди. Мисол учун, Эрон президентининг ўлими баъзи мақсадларга эришиш имконини берганда ҳам, бу ишни қилган давлатлар – агарки шундай давлатлар бўлса, тарихий масъулиятдан ва ёмон тамғадан қочиб қутула олмайди.
Табиийки, Эрон президенти ва бошқа қудратли шахсларнинг ўлими сабабли, жуда кучли текширув комиссияси тузилади. Бу комиссия – халқаро кузатув остида бўлади. Ва комиссия, бир томондан жуда малакали бўлади, иккинчи томондан бор ҳақиқатларни яшира олмайди. Демак, аслида нима бўлгани яқин ойлар ичида маълум бўлади. Агар ички ёки ташқи кучлар аралашган бўлса, бу маълум бўлмасдан қолмайди.
Демак, асосий версия шундан иборатки, Эрон президентининг ўлими – Эрон давлат сиёсати ўзгаришига олиб келмайди. Давлатни олий раҳбар – Имом Хоминаий бошқаради. Шу сабаб, Эрон президентининг ўлими, жуда катта эҳтимол билан, бахтсиз ҳодиса бўлиши керак.
Сиёсат – жуда мураккаб соҳа. Бундай ҳодисалар уюштирилган бўлиши эҳтимолини тўлиқ истисно қилиб бўлмайди. Ва агарки кимдир бундай ишга қўл урган бўлса, улар ўз изларини жуда чуқур яширишга ҳаракат қилади. Лекин, юқорида айтилганидек, Эрон президентининг ўлими ички сиёсатда ҳам, ташқи муносабатларда ҳам бирор муаммога ечим бермайди, аксинча, ноаниқликларни оширади.
Эрон Ислом Республикаси – Ўзбекистоннинг муҳим қўшниларидан бири. Икки давлат ўртасида географик нуқтайи назардан фақат Туркманистон бор. Тарихан, Ўзбекистон ва Эрон ҳалқлари бир маданий маконнинг таркибий қисмлари бўлган. Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Эрон алоқалари жуда ижобий динамика ҳолатига кириб келган эди. Эроннинг кейинги президенти ҳам худди Иброҳим Раисий каби икки давлат алоқаларини ижобий шаклда давом эттиришига умид қилиб қоламиз.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос