Жаҳон | 09:37 / 20.05.2024
2788
2 дақиқада ўқилади

Конго ДРда исёнчилар етакчиси отиб ўлдирилди

Қуролланган исёнчилар кечаси КДР президенти қароргоҳига киришга уринди, деб ёзади маҳаллий ОАВ. Уларнинг раҳбари ўлдирилган. 

Фото: Arsene Mpiana/AFP

Конго Демократик Республикаси (КДР)да сиёсатчи ва исёнчилар етакчиси Кристиан Маланга давлат тўнтаришига уриниш пайтида отиб ўлдирилди. Бу ҳақда 19 май, якшанба куни маҳаллий actu30 сайти хабар берди. 

Маҳаллий ҳарбий амалдорларга кўра, исёнчилар Киншасадаги КДРнинг амалдаги президенти Феликс Чисекеди қароргоҳига бостириб киришга уринган. Давлат тўнтаришига уринишда чет эл фуқаролари иштирок этмоқда, дейди хавфсизлик ходимлари.

Actu30 журналистлари хабар беришича, исёнчилар инглиз, француз ва Африканинг ушбу ҳудудида кенг тарқалган лингала тилларида гаплашишган. Улар 1971 йилдан 1997 йилгача КДР номи бўлган Заир байроқларини кўтариб юришган. 

Отиб ўлдирилган шахс конголик сиёсатчи, тадбиркор ва собиқ ҳарбий хизматчи Кристиан Маланга Мусумаридир. У КДР раҳбариятига мухолиф «Конго бирлашган партияси» президенти эди. 2017 йилда Брюсселда у сургундаги «Янги Заир» ҳукуматига расман асос солган. 

КДРда яқинда президентлик сайловлари бўлиб ўтди 

2023 йил декабр ойи охирида КДРда президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Уларда амалдаги президент Феликс Чисекеди 73 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Унинг энг яқин таъқибчиси, бизнесмен Моиз Катумби 18 фоиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллади. Натижалар сарҳисоб қилингандан сўнг, Катумби овоз бериш пайтида катта қонунбузарликлар юз берганини эълон қилди, шунингдек, сайлов натижаларини бекор қилиш ва миллий сайлов комиссиясини тарқатиб юборишга чақирди. 

Мавзуга оид