Жаҳон | 11:07 / 20.05.2024
4502
2 дақиқада ўқилади

Нигер, Мали ва Буркина-Фасо конфедерация тузади

Уч мамлакат ташқи ишлар вазирлари Саҳел давлатлари иттифоқи конфедерациясини тузиш режасининг якуний вариантини келишиб олдилар.

Фото: EPA/ HADAMA DIAKITE

Нигер, Мали ва Буркина-Фасо ҳукуматлари Саҳел давлатлари иттифоқи конфедерациясини тузиш режасининг якуний варианти бўйича келишиб олди. Лойиҳа Нигер пойтахти Ниамейда уч давлат ташқи ишлар вазирлари томонидан маъқулланди, деб хабар берди AFP 18 май куни.

Учрашув якунида Нигер ташқи ишлар вазири Бакари Яу Сангаре якуний матн уч давлат ҳарбий ҳукуматлари раҳбарларининг саммитида қабул қилинишини айтди. Сангаре уни ўтказиш санасини аниқлаштирмади. Журналистларга келишув мазмуни ҳақида ҳам маълумот берилмаган. 

Нигер, Мали ва Буркина-Фасо Россия билан яқинлашмоқда 

2024 йил январида Нигер Мали ва Буркина-Фасо билан биргаликда Ғарбий Африка давлатларининг иқтисодий ҳамжамияти - ЭКОВАС минтақавий алянсидан чиқди, унинг асосий мақсади турли гуруҳларга қарши кураш орқали Ғарбий Африкада минтақавий хавфсизликни таъминлаш эди. 

Шундан сўнг, учта Саҳел давлати расмийлари АҚШ ва Франция билан ҳарбий ҳамкорликни тўхтатаётганини расман эълон қилди, шунингдек, ўз ҳарбий харажатлари энди назорат қилинмаслигини белгиловчи фармон чиқарди. Бунга жавобан, ЭКОВАС Мали ва Нигерга ушбу мамлакатларда демократик йўл билан сайланган ҳукуматларни ағдарган ҳарбий тўнтаришлар уюштирилгани учун санкциялар киритди. 

2023 йил сентябр ойида Мали, Буркина-Фасо ва Нигер етакчилари Саҳел давлатлари иттифоқини ташкил этиш тўғрисидаги низомни имзолади. Унга кўра, бир ёки бир нечта иштирокчи давлатларнинг суверенитети ёки ҳудудий яхлитлигига тажовуз бутун блокка қарши тажовуз сифатида баҳоланади ва ҳарбий аралашувни талаб қилади. 

Мутахассислар ишончи комилки, Саҳелнинг асосий ҳамкор давлатлар - АҚШ ва Франция билан алоқаларини узиш, шунингдек, ҳарбий харажатлар устидан назоратни бекор қилиш Россия билан ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги келишувнинг дастлабки шарти бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид