Жамият | 11:41 / 22.05.2024
44511
10 дақиқада ўқилади

“Мазлумнинг дуоси ижобат бўлиб, бошимиз балодан чиқмай қолди” — ҳаётий ҳикоя

Ўлган йигитнинг отасидан қарғиш эшитганимга ўн беш йилча бўлиб қолди. Ўшандан буён на оиламда, на ишимда ҳаловат йўқ. Ҳар кун бир кўнгилсизлик. Мазлумнинг дуоси қабул деган гапнинг маъносини бошимдан ўтказиб тушуниб етдим. Бу орада йигитнинг ота-онасидан бир неча марта кечирим сўрадим, бироқ кечиришмади.

Фото: Kun.uz

“Ҳаётий ҳикоялар” рукнида берилаётган навбатдаги ҳикоямиз қаҳрамони бир пайтлар қилган ноҳақ ишлари туфайли мазлумнинг қарғишини олган киши экан.

У ўз мактубида қарғиш олган вақтидан бошлаб ҳанузгача оила аъзоларидан, ишидан фалокат аримай қолганини ва синовлар оғир бўлаётганини ёзган.

“Мазлумнинг дуоси ижобат бўлади” дейилган гапни жуда кўп марта эшитганман. Бироқ ҳар доим бу гап бир қулоғимдан кириб, иккинчисидан чиқиб кетарди.

Бир ҳодиса сабаб бўлиб, ўзим бировга жабр қилдим ва мазлум бизни қарғаб дуо қилди. Ўшандан буён бошимиздан турли балолар аримай қолди.

Бундан 15 йилча аввал вилоят марказида бир бинони ижарага олиб ошхона очдим. Икки ўғлим, хотиним ёрдамчи бўлишди. Мен турли овқатларни қиламан, ўғлим палов тайёрлайди. Кичик ўғлим хўрандаларга хизмат қилади. Хотиним идишларни ювади.

Орадан бир муддат ўтиб мижозлар кўпайгач хотинимни ўзимга ёрдамчи қилиб ўтказдим. Кичик ўғлим акасига ёрдам бера бошлади. Идиш ювишга ва хўрандаларга хизмат қилишга ишчилар олдик.

Хўрандаларга қарайдиган йигит катта ўғлимнинг танишларидан бири эди, иккаласи тезда чиқишиб кетди.

Ишимиз эрталаб вақтли бошланади. Ошхонага энг аввал катта ўғлим ва хўрандаларга хизмат қилиш учун ёлланган йигит боради. Иккаласи ош ва бошқа овқатларнинг масаллиқларини тайёрлаб қўяди.

Мен бориб овқатларга уринаман, катта ўғлим паловга ўт ёқади. Хотиним ва кичик ўғлим стол-стулларни артиб тозалашади. Ҳар кунимиз шундай бошланади.

Ошхона ишлатадиганлар билади, бу иш анча даромадли. Тез орада биз ҳам яхши фойда қила бошладик ва катта ўғлим Матиз олди. Машина оғиримизни анча енгил қилди. Фақат ўғлим баъзида уни жуда тез ҳайдарди. Неча марта гапирдим, парво қилмади.

Кунларнинг бирида ошхонага кетиш учун жўнаб тургандим телефоним жиринглади, бегона рақам. Кўтарсам ёнимиздаги магазинда савдо қилувчи йигит экан. “Ошхонага тез етиб келинг” деди ва телефонни ўчирди. Аввалига ҳайрон бўлдим, кейин хавотирлана бошладим.

Дарҳол кўчага чиқиб машина тўхтатдим ошхонага жўнадим. Етиб борсам ошхона олдида ИИБ ва тез ёрдам машинаси турибди. Таксидан тушган заҳоти ошхонага югурдим.

Ичкарига кирсам хўрандаларга қарайдиган йигит ерда ётибди, кўкси қон. Ўғлим эса бир четда юзини қўллари билан ёпиб йиғлаяпти. Йигитни тезда шифохонага, ўғлимни эса ИИБга олиб кетишди.

Ўша пайтда ўғлимнинг эмас, йигитнинг ортидан шифохонага жўнадим. Етиб борсам уни ичкарига олиб кириб кетишибди. Йигит камбағал оиланинг фарзанди эди, ота-онаси йиғлаб турибди.

Кўп ўтмай бир врач чиқди ва йигитнинг ота-онасига сабр тилади. Шу пайтда она ҳушидан кетди, ота бир аҳволда, буни кузатиш оғир эди. Кейин билсам йигит оилада ёлғиз ўғил бўлган экан.

Маййитни беришди, жаноза эртаси кунга белгиланди. Йигитнинг ота-онаси, қариндошлари бўлган ишни эшитишган, мен уларнинг олдида гуноҳкорлардай бошимни эгиб турардим.

Мен воқеа қандай юз берганини билишни истардим. Бироқ жабрланувчи ўлган, ўғлим ҳибсда эди. Балки менга қўнғироқ қилган қўшни йигит кўргандир. Жанозанинг эртасига унинг олдига бордим.

Эрталаб эшик очиқ эди. Қарасам ичкарида ўғлингиз шогирд йигитга пичоқ ўқталиб зарба бермоқчи бўларди. Йигит эса “Керакмас, ҳозир пичоқлаб қўясиз” деб ўзини орқага тортарди. Хаёлим қочиб кетди ва “Нима қиляпсан? деб бақирдим. Шунда ўғлингиз “Ҳеч гап йўқ, шунчаки бунга пичоқ билан зарба берилганда уни қандай қайтаришни ўргатяпман”, деди. “Пичоқ билан ўйнашма. Бир кор-ҳолни бошламасдан тинчгина ўтир. Ундан кўра ишингни қилсанг-чи”, деб ўтиб кетдим. Бирпасдан сўнг ўғлингизнинг бақирганини эшитдим. Югуриб ўтсам йигит кўксидан қон оққан ҳолда ерда ётар, пичоқ ўғлингизнинг қўлида эди. У зарба беришда эҳтиётсизлик қилганми, бошқами, пичоқни йигитнинг кўксига санчган. Аниқ гап шуки ўғлингиз йигитга пичоқ билан зарба бериб, уни қайтаришга мажбурлаётганди”, деди қўшни йигит.

Ҳеч бир ота фарзандининг чоҳга тушишини хоҳламайди. Мен ҳам нима қилиб бўлса-да фарзандимни жазодан олиб қолиш ҳаракатига тушдим. Бу учун қанча пул кетса ҳам тайёр эдим.

Ўғлим айбдор эди, лекин ўша пайтда фарзандим айбдор деган тушунча хаёлимдан ўтмасди. У эҳтиётсизлик қилган деб ўйлардим. Таниш-билишлар кучли деб айтган адвокатни ёлладим, ўртага таниш-билишларни аралаштирдим.

Натижада терговда ўғлимга енгилроқ айблов қўйилишига эришдим. Судя билан ҳам “гаплашилди”. Охир-оқибат ўғлим Жиноят кодексининг 102-моддаси, эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш билан айбдор деб топилди ва икки йил ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш жазоси берилди.

Суддан аввал адвокат ўғлимга “Марҳум пичоқ билан зарба берилганда қайтаришни ўргатинг деб туриб олди, йўқ дея олмадим. Зарба беришда мен эҳтиётсизлик қилдим, у ўзини пичоққа қараб отди” деб айтасан деб ўргатган экан. Ўғлим судда шу гапларни такрорлади.

Мен қўшни магазинчи йигитни олдига бориб судда бошқача гувоҳ бериши учун пул таклиф қилдим. У бирпас юзимга қараб турдида “Одам эмас экансиз” деб кетиб қолди.

Қўшни йигит судда нима кўрган ва эшитган бўлса ҳаммасини айтиб берди. Бироқ у айтган гапларни бошқа гувоҳ тасдиқламагани учун судя инобатга олмади. Бу менга “анча пулга тушди”.

Суд тугагандан сўнг ўғлимни озод қилишди. Ташқарига чиқдик. Шу пайт марҳум йигитнинг отаси олдимизга келди.

Сени яхши одам деб билардим. Бироқ на инсофинг, на виждонинг йўқ экан. Ўғлимнинг жанозасидан чиқиб кетганингдан сўнг бирон марта аҳволимизни сўраганинг йўқ. Камига фақат ўғлингни қамоқдан олиб қолиш учун елиб, югурдинг. Менинг на пулим, на танишларим бор. Шу учун ўғлимнинг қотилини озод қилишса ҳам ҳеч нарса қила олмайман. Аммо Худо бор, У барчасини кўриб турибди. Сени ва ўғлингни Худога солдим. Илоҳим сенларга бу дунёда ҳам кўрсатсин, умринг азобда ўтсин”, деди ва йўлига кетди.

Марҳумнинг отаси аппеляция шикояти ёзибди. Пул ва танишларнинг “ёрдами” билан кейинги судда ҳам ҳукм ўзгартиришсиз қолишга эришдим. Аммо...

Орадан бир муддат ўтиб “хосиятсиз” ошхонада ёнғин келиб чиқди ва унинг шифти ва том қисми ёниб кетди. Ошхонани ижарага берган одам барча таъмирни ўзимизга қилдирди. Бино таъмирлангач бизни у ердан чиқариб юборди.

Бошқа жойни ижарага олиб ишлата бошладик. Бироқ бу ерда ҳам ёнғин содир бўлди. Ошхонани таъмирлашга бу сафар ҳам анча пулимиз кетди. Энг ёмони бу сафар хотиним тутун ичида қолиб заҳарланди, уни даволашга ҳам анча пулим кетди.

Ўша пайтда ўғлим ҳали уйланмаган эди, кўп ўтмай бошини иккита қилиб қўйдим. Бироқ ёш оила олти ойга етмасдан ажрашиб кетди. Яна уйлантирдим, бу сафар келин тўйдан икки ой ўтар-ўтмас кетиб қолди. Учинчи марта уйлантирдим.

Ўғлимни учинчи марта уйлантирганимдан сўнг кўп ўтмай у Матиз билан авария содир этди. Ёнида бўлган ўртоғининг айтишича ўша куни у қарама-қарши томонга ўтиб тез ҳаракатланган ва рўпарадан келаётган юк машинаси билан тўқнашган. Ўғлим тирик қолди, бироқ унинг бир оёғини сонидан кесиб ташлашди.

Шундан кейин ҳам бошимиздан балолар аримади ва катта ўғлим бир оёқ билан қолгач учинчи хотини ҳам кетиб қолди. Ўшангача қўлтиқтаёқда кўчага чиқиб турарди. Хотини кетгач тушкунликка тушиб қолди ва хонасидан чиқмай қўйди.

Кўп ўтмай иккинчи ўғлим ҳам аварияга учради. Ўртоғининг Дамасини ҳайдайман деб бошқарувни йўқотибди. Ўғлим ва ўртоғи иккаласининг бир неча жойи синган экан анча пайт шифохонада ётиб даволанишди.

Ўртоғининг отаси судга берди, Дамасни тузатиб бериш, унинг шифохона харажатлари ўғлимга юклатилди. Бир пайтлар катта ўғлимга уй қурамиз деб олиб қўйган ерни сотиб тўладим.

Нима бўлганда ҳам яшаш учун курашиш керак, ошхонада ишлаяпмиз. Бироқ ўшандан буён биронта жойда қўним топмадик. Бошимизга келган балолар билан бирга қўнимсизлик ҳам бизга ҳамроҳ бўляпти.

Ўша ҳодисадан сўнг камида ўнта жойга кўчдик. Ижарага оламиз, иш бошлаймиз, тез орада бир кўнгилсизлик бўлади.

Ўлган йигитнинг отаси қарғаганига ўн беш йилча бўлиб қолди. Ўшандан буён на оиламда, на ишимда ҳаловат йўқ. Ҳар кун бир кўнгилсизлик. Мазлумнинг дуоси қабул деган гапнинг маъносини бошимдан ўтказиб тушуниб етдим.

Бу орада йигитнинг ота-онасининг олдига бир неча марта кечирим сўраб бордим, бироқ узримни қабул қилишмади. Йигитнинг отаси “қўлим Қиёматда ҳам ёқангда бўлади” деди. Чорасиз ортга қайтдим.

Қарғиш олганимдан буён оила аъзоларимнинг барчаси бир неча мартадан турли балоларга дуч келишди. Фақат менга ҳеч нарса қилмади. Бироқ оиламдагилар билан содир бўлаётган фалокатларни кузатиш ҳам минг карра азоб бўляпти.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид