Жамият | 16:36 / 22.05.2024
7506
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда содир бўлган ЙТҲда талаба ҳалок бўлди

Уни Самарқанд шаҳрида пойга уюштирган машиналардан бири уриб кетгани айтилмоқда

Самарқандда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети талабаси Даврон Элмуродов ҳалок бўлган.

Талабанинг вафот этгани ҳақида Ёшлар иттифоқининг Самарқанд вилояти кенгаши хабар бермоқда. Ҳодисадан хабардорлар хабар остида унинг ЙТҲ қурбони бўлганини ёзиб қолдиришган.

Даврон тўртинчи босқичда ўқиш билан бирга университетнинг ёшлар иттифоқи педагогик таълим йўналиши координатори вазифасида ишлаган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, талаба йигитни пойга уюштирган машиналардан бири уриб юборган.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг Kun.uz‘га маълум қилишича, ҳодиса 2024 йил 21 май куни соат 23:30 ларда Самарқанд шаҳридаги Талабалар хиёбони кўчасида содир бўлган.

"Нексия-2" машинаси пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган талабани уриб юборган. Оқибатда талаба шифохонада вафот этган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқанд шаҳрида кўча пойгалари ўтказилиши аввалроқ Kun.uz’да берилган мақолада тилга олинганди. Ўшанда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати мақолада тилга олинган муаммо бўйича муносабат билдириб, кўча пойгаларини аниқлаш бўйича махсус рейд гуруҳлари тузилишини маълум қилганди. Ўшандан буён орадан икки йилдан ошиқ вақт ўтди. Бироқ Самарқанд шаҳрида кўча пойгалари ҳануз давом этяпти.

Мавзуга оид