Жаҳон | 09:03 / 24.05.2024
2214
2 дақиқада ўқилади

Германияда ҳимояга муҳтож хорижликлар сони ортди

Германияда ҳимоя сўраганларнинг аксарияти Украина фуқароларидир. Иккинчи ва учинчи ўринларни мос равишда Сурия ва Афғонистон фуқаролари банд этган.

Фото: Reuters

Германияда ҳимояга муҳтож хорижликлар сони кўпайди – ўтган йил охирига келиб мамлакатда ушбу тоифадаги 3,17 миллионга яқин хорижий фуқаролар расман рўйхатга олинган, деб хабар берди Федерал статистика бошқармаси 23 май, пайшанба куни. Ўтган йилга нисбатан ўсиш уч фоиз ёки 95 минг кишини ташкил этди.

Германияда ҳимояга муҳтожлар халқаро ҳуқуқий, гуманитар ёки сиёсий сабабларга кўра Германия ҳудудида истиқомат қилувчилар ҳисобланади.

Ҳимояга муҳтожларнинг аксарияти Украинадан

Германиядаги бундай хорижликларнинг аксарияти Украина фуқаролари (977 минг - 2022 йилга нисбатан минус уч фоиз), улар ўз ватанларини тарк этишга мажбур бўлганлар.

Иккинчи ва учинчи ўринни мос равишда Сурия (712 минг, плюс олти фоиз) ва Афғонистон (плюс 13 фоиз) фуқаролари эгаллаган. Улардан кейин Ироқ (200 минг, минус беш фоиз) ва Туркия (152 минг, плюс 51 фоиз) фуқаролари бормоқда.

Бу беш гуруҳ биргаликда Германияда рўйхатга олинган, ҳимояга муҳтож хорижликларнинг деярли тўртдан уч қисмини ташкил қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид