Иқтисодиёт | 15:10 / 24.05.2024
7793
3 дақиқада ўқилади

Тижорат банклари валюта курсининг ўзгарувчанлигини асосий хатар деб ҳисоблайди  

Марказий банк 2024 йил I ярим йиллиги учун Ўзбекистон молия тизимидаги юзага келиши мумкин бўлган тизимли хатарларни аниқлаш мақсадида 35 та тижорат банклари орасида сўровнома ўтказди. Банклар 5та энг долзарб тизимли хатарлар орасидан валюта курси ўзгарувчанлигидан кўпроқ хавотир билдирмоқда. 

Марказий банк 2023 йил учун молиявий барқарорлик шарҳини эълон қилди.

Регулятор 2024 йил январ ойида 2024 йил I ярим йиллиги учун Ўзбекистон молия тизимида юзага келиши мумкин бўлган тизимли хатарларни аниқлаш ҳамда уларнинг таъсир кўламини баҳолаш мақсадида 35 та тижорат банклари (респондентлар) орасида сўровнома ўтказган.

Ушбу сўровнома молия тизимидаги асосий тизимли хатарлар бўйича кутилмалар, хатарларнинг юзага келиш эҳтимоли ҳамда молия тизимида кузатилган сўнгги ўзгаришлар каби қисмлардан иборат. Респондентларнинг 5 та энг долзарб тизимли хатарлар бўйича кутилмаларига кўра, валюта курсининг ўзгарувчанлиги, инфляциянинг ошиши, геосиёсий хатарларнинг янада авж олиши, аҳоли қарз юкининг ортиши ва киберҳужумлар билан боғлиқ хатарлар молия тизимига таъсир қилувчи энг асосий хатарлар сифатида баҳоланмоқда.

Ҳар бир респондент томонидан қайд этилган 5 та энг муҳим тизимли хатарлар тўпламининг 77 фоизи валюта курсининг кескин ўзгарувчанлиги, 51 фоизи инфляция суръатининг тезлашиши, 49 фоизи ташқи геосиёсий хатарлар, 46 фоизи аҳоли қарз юкининг ортиши, 43 фоизи киберҳужумлар билан боғлиқ хатарлардан иборат.

Ўзбекистон молия секторидаги асосий тизимли хатарлар

Шунингдек, респондентлар Ўзбекистон молия тизимига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган иқлим ўзгариши хавфлари, иқтисодий пасайиш, ликвидлилик билан боғлиқ муаммолар ва санкциялар хавфи билан боғлиқ хавотирлари мавжудлигини ҳам билдиришган. Тизимли хатарларнинг содир бўлиш эҳтимолини баҳолаш бўйича сўровнома натижаларига кўра, 66 фоиз респондентлар Ўзбекистон молия тизимида тизимли хатарларнинг қисқа муддатда (0–12 ой) содир бўлиш эҳтимоллик даражасини паст ҳисобламоқда. Шунингдек, 54 фоиз респондентлар тизимли хатарларнинг ўрта муддатда (1–3 йил) содир бўлиш эҳтимоллик даражасини ўртача баҳоламоқда. 

Аввалроқ, Халқаро валюта жамғармаси миссияси Ўзбекистон иқтисодиёти учун эҳтимолий хатарларни маълум қилганди. Экспертлар хулосасига кўра, Украинадаги урушнинг авж олиши, товарлар нархларининг ўзгарувчанлиги ва жаҳон иқтисодиётидаги стагнация эҳтимоллари Ўзбекистон иқтисодиёти учун ташқи хатарларни ташкил этади. Ички хатарлар қаторида эса давлат харажатларини қисқартириш кечикиши, давлат-хусусий шериклик билан боғлиқ мажбуриятлар юзага келиши ва бошқалар келтириб ўтилган.

Мавзуга оид