Ўзбекистон | 12:14 / 24.05.2024
18354
2 дақиқада ўқилади

Якшанба куни ёғингарчилик тўхтайди, ҳаво ҳарорати пасайиши кутилмоқда

Ўзбекистонда шанба куни айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади. Якшанба куни аксарият ҳудудларда ёғингарчиликсиз ўтиши кутилмоқда, бироқ ҳарорат +17…+22 даражагача пасаяди.

Фото: Kun.uz

Якшанба куни асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, дея хабар қилмоқда “Ўзгидромет”.

Жума куни кундузи Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё вилоятида баъзи жойларда ва куннинг иккинчи ярмида Фарғона водийси вилоятларида ёмғир ёғади, айрим жойларда момақалдироқ билан кузатилади.

Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати +24…+27 даража атрофида, баъзи жойларда +29 даражагача, жанубда +32…+34 даражагача бўлади.

Шанба кунининг иккинчи ярмида Тошкент, Жиззах, Сирдарё вилоятларида баъзи жойларда ва Фарғона водийси вилоятларида жадаллиги бироз бўлган қисқа муддатли ёмғир ёғади. Ҳарорат кундузи +26…+29, жанубда +32…+34 даражагача бўлади.

Якшанба куни фақат Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек, кечаси ва эрталаб Тошкент, Сирдарё вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузи ҳарорат +17…+22 даражагача пасаяди.

Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 метр/секундгача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда 24 майда ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади, 25−26 май кунлари вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, айрим жойларда кучли бўлади. Момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол 15−20 метр/секундгача кучаяди. Сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши эҳтимоли сақланиб туради.

Тошкент шаҳрида жума куни вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Ҳарорат +24…+26 даража бўлади. Шанба куни куннинг иккинчи ярмида ва якшанбага ўтар кечаси вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади. Момақалдироқ бўлиши мумкин. Якшанба куни кундузи ёғингарчилик кутилмайди. 

Ҳарорат шанба куни кечаси +16…+18, кундузи +26…+28, якшанба куни кечаси +12…+14, кундузи +19…+21 даража бўлади.

Мавзуга оид