Жаҳон | 11:34 / 27.05.2024
2411
3 дақиқада ўқилади

Гуржистон президенти евроинтеграция йўналишини сақлаб қолишга чақирди

Мустақиллик байрами парадида Саломе Зурабишвили Гуржистоннинг Европа келажагига чақирди. Бош вазир Кобахидзе Зурабишвилининг нутқини ўринсиз деб атади.

Фото: ELTA / DAINIUS LABUTIS

Гуржистонда 26 май, якшанба куни мамлакат Мустақиллик куни муносабати билан Тбилисида ўтказилган ҳарбий парадда Гуржистон раҳбарлари бир-бирига қарама-қарши баёнотлар берди. Гуржистон президенти ва бош қўмондон Саломе Зурабишвили ўз мамлакатининг Европадаги келажагини қўллаб-қувватлади.

«Европа бирорта ҳам уруш бошлагани йўқ, у бизнинг давлатимизга ўз мустақиллигини сақлаб қолиш ва тараққиётга эришиш имкониятини беради», деди Зурабишвили. 

Унинг таъкидлашича, кузда парламент сайловлари бўлиб ўтади, бу Гуржистон учун тараққиёт йўлини танлаш бўйича референдумга айланади. «Бу сайловлар ҳақиқатда бизнинг келажагимизни белгилаб беради», - деди Зурабишвили. 

Кобахидзе Зурабишвилининг нутқини ўринсиз деб атади 

Ўз навбатида, Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе парадга йиғилганларга мурожаат қилиб, мамлакатда, айниқса, сўнгги 4 йил ичида ўз мустақиллиги ва суверенитетига путур етказиш бўйича уринишлар бўлганини айтди. «Халқ ва улар сайлаган ҳокимиятнинг бирлиги бизга кўп таҳдид ва хиёнатлардан, жумладан, Гуржистон президенти хиёнатидан қочиш имконини берди», деди у.

Параддан сўнг Кобахидзе журналистларга Саломе Зурабишвилининг параддаги чиқиши «Гуржистон Мустақиллик кунида ноўрин бўлганини» айтди. «Президент Мустақиллик кунидан сиёсий баёнотлар учун фойдаланаётганидан афсусланиш мумкин, бугун бизда миллий байрам ва барчамиз тор маънода сиёсат ҳақида эмас, балки умумий миллий мақсадларимиз ҳақида гапиришимиз керак», - дея тушунтирди Кобахидзе. 

«Чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун

14 май куни Гуржистон парламенти мамлакатдаги оммавий норозилик намойишлари фонида «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси апрел ойида парламентга киритганидан буён ушбу ҳужжат мухолифат кучларининг ўта салбий муносабатини уйғотди, улар уни ҳукумат назорати остида бўлмаган ноҳукумат ташкилотлар ва мустақил оммавий ахборот воситаларини «тўғирлаш»га қаратилган деб ҳисоблайдилар. 

Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар Гуржистон ҳукуматини ушбу қонунни қайтариб олишга чақирди ва унинг қабул қилиниши Гуржистоннинг ЕИга йўлини ёпиши ҳақида огоҳлантирди. Қўшма Штатлар янги қонун тарафдорларига қарши виза санкциялари жорий этилишини ва Гуржистон билан ҳамкорликни ҳар томонлама кўриб чиқилишини эълон қилди. Президент Зурабишвили бу қонунга 18 май куни вето қўйган. Парламентда ветони бартараф этиш тартиби 28 майга белгиланган. 

Мавзуга оид