Жаҳон | 08:38 / 27.05.2024
2637
2 дақиқада ўқилади

Гуржистонда Мустақиллик куни муносабати билан норозилик намойиши бўлиб ўтди

Бир неча минг намойишчи, хусусан, «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунга қарши шиорлар билан ҳайқирди.

Фото: Davit Kachkachishvili/AA/picture alliance

Гуржистон Мустақиллик кунида Тбилисида «Гуржистон, мен сен биланман» шиори остида норозилик марши бўлиб ўтди, деб хабар берди Paper Kartuli Telegram-канали 26 май, якшанба куни.

ОАВ маълумотларига кўра, шаҳар марказидан ўтган юришда бир неча минг киши қатнашган. Улар Гуржистон ва Европа Иттифоқи байроқларини кўтариб, норозилик шиорларини айтишди, хусусан, «Чет эл таъсирининг очиқлиги тўғрисида»ги мунозарали қонунга қарши чиқишди. 

Митингда Гуржистон президенти ва бош вазири ўртасида низо келиб чиқди

Бир кун аввал Тбилиси марказида мамлакат Мустақиллик кунига бағишланган митингда Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили мамлакатни Европа интеграцияси йўлидаги йўналишини сақлаб қолишга чақирди. «Европа бирорта ҳам уруш бошлагани йўқ, у бизнинг давлатимизга ўз мустақиллигини сақлаб қолиш ва тараққиётга эришиш имкониятини беради», деди Зурабишвили. 

Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе унинг ортидан сўзга чиқиб, мамлакат ўз мустақиллиги ва суверенитетига путур етказиш бўйича уринишларни муваффақиятли енгиб ўтганини айтди. «Халқ ва уларнинг сайланган ҳокимиятларининг бирлиги бизга кўп таҳдид ва хиёнатлардан, жумладан, Гуржистон президенти хиёнатидан қочиш имконини берди», деди у. 

26 май куни кечқурун Саломе Зурабишвили мамлакат фуқароларига мурожаат қилиб, «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунга қарши митингларда ҳибсга олинганларнинг барчасини амнистия қилишга ваъда берди, деб ёзади Paper Kartuli.

Мавзуга оид