Иқтисодиёт | 21:52 / 27.05.2024
7476
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда газ, нефт ва бензин ишлаб чиқариш қисқарди

Жорий йилнинг 4 ойида газ қазиб олиш 5,9 фоизга, нефт қазиб олиш 6,6 фоизга, кўмир қазиб олиш 9,8 фоизга, бензин ишлаб чиқариш 7,9 фоизга қисқарди. Электр энергияси ишлаб чиқариш эса 7,1 фоизга ошди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Статистика агентлиги 2024 йилнинг январ-апрел ойларидаги саноат ишлаб чиқариши бўйича маълумотларни эълон қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг дастлабки 4 ойи давомида газ қазиб олиш ҳажми 15,3 млрд куб метрни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 964 млн куб ёки 5,9 фоизга қисқарган.

2024 йилнинг январ-март ойларидаги газ қазиб олиш кўрсаткичлари:

  • Январ – 3,99 млрд куб (ўтган йилнинг мос даврида – 4,31 млрд куб);
  • Феврал – 3,71 млрд куб (3,85 млрд куб);
  • Март – 3,89 млрд куб (4,16 млрд куб);
  • Апрел – 3,7 млрд куб (3,94 млрд куб).

Маълумот учун, 2022 йилда ҳам газ қазиб олиш 53,8 млрддан 51,67 млрд куб метргача ёки 4 фоизга, 2023 йилда эса 51,67 млрддан 46,71 млрд куб метргача ёки 9,6 фоизга қисқарган.

2017-2023 йиллар оралиғида табиий газ қазиб олиш ҳажмининг ўзгариши (Статистика агентлиги маълумотлари):

  • 2017 йил – 56 млрд 417,6 млн куб метр;
  • 2018 йил – 60 млрд 396,5 млн куб метр;
  • 2019 йил – 60 млрд 537,5 млн куб метр;
  • 2020 йил – 49 млрд 736,2 млн куб метр;
  • 2021 йил – 53 млрд 802 млн куб метр;
  • 2022 йил – 51 млрд 678,4 млн куб метр;
  • 2023 йил – 46 млрд 710,3 млн куб метр.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш муттасил равишда қисқариб бормоқда. Хусусан, 2019–2023 йиллар оралиғида бу қисқариш 22,8 фоизни ташкил қилган. Маҳаллий ишлаб чиқаришнинг камайиши Туркманистон ва Россиядан газ импорти ҳисобига қопланяпти.

Дастлабки 4 ойликда кўмир қазиб олиш 1326,6 минг тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 144,9 минг тонна ёки 9,84 фоизга қисқарган.

Шунингдек, ҳисобот даврида нефт қазиб олиш 258,5 минг тоннадан 241,3 минг тоннага камайган бўлса, газ конденсати ишлаб чиқариш 423,1 минг тоннадан 432,7 минг тоннага ошган.

Январ-апрел ойларида электр энергияси ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,1 фоизга ёки 1 млрд 875 млн kWh’га ошган. Хусусан, 2023 йилнинг 4 ойида 26,09 мрлд kWh электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг мос даврида 27,96 млрд kWh’га етган.

Ҳисобот даврида дизел ёнилғиси ишлаб чиқариш 379 минг тоннадан 362 минг тоннага (-4,5 фоиз), бензин ишлаб чиқариш 504 минг тоннадан 464 минг тоннага (-7,9 фоиз) қисқарган.

Мавзуга оид