Жаҳон | 11:50 / 28.05.2024
2080
2 дақиқада ўқилади

Нигерияда қуролли шахслар 150 дан ортиқ кишини ўғирлаб кетди

Нигерия марказидаги қишлоққа жангарилар ҳужуми оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди, 150 дан ортиқ киши ўғирлаб кетилди, дея хабар беради маҳаллий ҳукумат.

Фото: KOLA SULAIMON/AFP

Нигерияда жангариларнинг Нигер марказий штатидаги Кучи қишлоғига уюштирган ҳужуми оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди, 150 дан ортиқ киши ўғирлаб кетилди, бу ҳақда 27 май, душанба куни кечқурун маҳаллий ҳокимиятга таяниб, AFP агентлиги хабар берди.

«Ҳужум қилганлар қўшни Кадуна штатидан ҳар бирида уч киши бўлган 100 га яқин мототциклда келди», деди маҳаллий ҳукумат раҳбари Амину Нажуме журналистларга. У уч соат давомида ҳужумга учраган қишлоқ аҳолисига ёрдам бермагани учун Нигерия хавфсизлик кучларини танқид қилди.

БМТ манбаси, шунингдек, Кучадан ўғирлаб кетилганлар сони 150 кишига яқин эканини тахмин қилмоқда. Аммо Нигерия фавқулодда вазиятларни бошқариш давлат агентлиги (SEMA) бошқа рақамни келтирди: 100 дан ортиқ киши. 

Нигерияда одам ўғирлаш 

Нигерияда «Боко Ҳарам» ва «ИШИДнинг Ғарбий Африка вилояти» (ISWAP) каби гуруҳлар, жумладан, болаларни ўғирлаш билан шуғулланади. Шу тариқа, март ойида Кадуна штатида 300 га яқин мактаб ўқувчилари ўғирлаб кетилганди. 

Нигерия армияси жангариларга қарши амалиётлар олиб боради, бунинг натижасида баъзан асирлар озод қилинади. Масалан, 2015 йил апрел ойида Нигерия ҳарбийлари Борно штатида «Боко Ҳарам» гуруҳи томонидан асирга олинган 200 нафар қиз ва 100 га яқин аёл озод этилганини эълон қилган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид