Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сеулда ядро қуролидан холи Корея яриморолини яратиш ҳақида келишиб олинди
Жанубий Корея, Хитой ва Япония саммити иштирокчилари КХДРни ядросизлантириш бўйича қўшма декларацияни имзоладилар. Тинчлик - бу уч давлатнинг умумий манфаатлари, дея маълум қилди Сеул.
Хитой, Япония ва Жанубий Корея етакчилари ядро қуролидан холи Корея яриморолини яратиш мақсади ҳақида келишиб олдилар. 27 май, душанба куни эълон қилинган Сеулдаги уч томонлама саммит якунлари бўйича баёнотда тинчлик «умумий манфаатларимизга хизмат қилади ва умумий масъулиятимиздир» дейилади. Шимолий Кореяни ядросизлантириш ва Корея яриморолида барқарорликни сақлаш «уч давлатнинг умумий манфаатлари»дир, деди учрашув иштирокчилари.
2019 йилдан бери биринчи учрашув
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл Хитой бош вазири Ли Кэцян ва Япония бош вазири Фумио Кишидани қабул қилар экан, Шимолий Кореяни режалаштирилган янги сунъий йўлдошни учиришда «балистик ракета технологияси»дан фойдаланмаслик тўғрисида огоҳлантирди. Бу БМТ резолюцияларини бузади ҳамда «минтақавий ва глобал тинчлик ва барқарорликка путур етказади», деди у. Кишида Пхенянни янги сунъий йўлдошни учиришдан бош тортишга чақирди.
Резолюциянинг илгари, жумладан, Хитой томонидан ҳам қўлланган умумий таҳририга қарамай, КХДР раҳбарияти саммит натижаларини кескин танқид остига олиб, «қўпол сиёсий провокация» деб эълон қилди. Сеулдаги музокаралар «мамлакатимизнинг ядро қуролига эга давлат сифатидаги конституциявий мақомини бузди», деди ТИВнинг Пхеняндаги вакили.
Япония, Хитой ва Жанубий Кореянинг уч томонлама саммити 2019 йилдан буён илк бор шундай учрашув бўлди.
Пхенян янги жосуслик сунъий йўлдошини учирмоқчи эди
27 май куни эрталаб Япония қирғоқ қўриқлаш хизмати КХДР яқин кунларда яна бир сунъий йўлдошни учириш режалари ҳақида маълум қилди. Шимолий Корея хабарномасида Корея яримороли ва Филиппиннинг Лусон ороли яқинидаги денгизда ракета ташувчиси қолдиқлари тушиши мумкин бўлган учта хавфли зона аниқланган, деб хабар бермоқда «Киодо» агентлиги.
Аввалроқ Жанубий Корея расмийлари КХДР ўзининг иккинчи ҳарбий жосуслик сунъий йўлдошини орбитага чиқариш ниятида экани ҳақида хабар берган эди. Сеулга кўра, Россия Шимолий Кореяга ушбу сунъий йўлдошни учиришга ёрдам берди. Жанубий Корея ва Америка разведкаси учиришга тайёргарликни «яқиндан кузатмоқда», дея маълум қилганди Сеул.
КХДР сўнгги бор ноябр ойида айғоқчи сунъий йўлдошни учирди ва 2024 йилда орбитага яна учта шундай қурилмани чиқаришга ваъда берди. Шимолий Корея томонидан жосуслик сунъий йўлдошлари учирилиши, ҳарбий таҳлилчилар таъкидлаганидек, Пхеняннинг ўз потенциал рақиблари ҳақида ҳарбий маълумот тўплаш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради.
Шимолий Кореянинг ядровий таҳдиди
Шимолий Корея охирги пайтларда тез-тез ракета синовларини ўтказа бошлади. Хусусан, 3 апрел куни давлат ОАВ ядро каллагини олиб юришга қодир гипертовушли каллакка эга ўрта масофага мўлжалланган Hwasong-16B ракетаси синовдан ўтказилгани ҳақида хабар берган эди. Мамлакат етакчиси Ким Чен Ин янги ракетани «яна бир кучли стратегик ҳужум қуроли» деб атади.
2022 йил сентябрида КХДР кўп сонли санкциялар ва БМТ резолюцияларига зид равишда, «душман кучлар» томонидан ҳужум таҳдиди юзага келган тақдирда профилактик зарбалар йўллашга рухсат берувчи ядро қуроли тўғрисидаги қонунни қабул қилиб, ўзини расман ядровий давлат деб эълон қилди. 2024 йилнинг март ойида Жанубий Корея ва АҚШ 2018 йилдан бери биринчи марта КХДР томонидан юзага келиши мумкин бўлган ядровий таҳдидга қарши курашиш мақсадида кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказди.
2018 йилда Сеул ва Пхенян Корея яриморолини ядросизлантириш бўйича келишув имзолаган эди.
Мавзуга оид
09:33 / 04.04.2025
Жанубий Корея президенти лавозимидан расман четлатилди
10:29 / 24.03.2025
Жанубий Кореяда президент вазифасини бажарувчига нисбатан импичмент бекор қилинди
10:55 / 19.03.2025
Кореянинг Улсан шаҳар мэрияси орқали Ўзбекистон фуқароларига соддалаштирилган тартибда меҳнат визаларини бериш механизмлари жорий этилади
15:44 / 05.02.2025