Жаҳон | 11:21 / 30.05.2024
1712
3 дақиқада ўқилади

ENISA: ЕИда охирги ойларда киберҳужумлар сони икки баравар ошди

Европа инфратузилмасига қилинган кўплаб ҳужумлар ортида Россия билан алоқадор ҳакерлар турган бўлиши мумкин, дейди ENISA раҳбари Юхан Лепассаар.

Фото: Getty Images

2024 йилнинг биринчи чорагида Европа Иттифоқи инфратузилмасига киберҳужумлар сони 2023 йилнинг сўнгги чорагидагидан икки баравар кўп бўлди. Бундай маълумотларни Европа киберхавфсизлик агентлиги (ENISA) раҳбари Юхан Лепассаар 29 май, чоршанба куни чоп этилган AP'га берган интервюсида маълум қилди.

Лепассаар ҳисоб-китобларига кўра, бундай киберҳужумларнинг кўпчилиги ортида Россия билан алоқаси бўлган ҳакерлар туриши мумкин. 2022 йил 24 февралда Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан бери «геосиёсий сабабларга кўра» амалга оширилган компютер бузиб киришлари сони доимий равишда ошиб бормоқда, деди AP манбаси.

Агентлик тушунтирганидек, Европарламентга сайловлар, шунингдек, Британия парламенти ва АҚШ президентига сайловлар хавфсизлик хизматларининг эътиборини потенциал таҳдидлар ва дўстона бўлмаган томонлар томонидан молиялаштириладиган «қўпорувчилик» кампанияларига кучайтирди.

ENISA'нинг 2023 йил учун йиллик ҳисоботида тўлов тўланмагунча компютерга киришни блоклайдиган зарарли дастурлардан фойдаланган ҳолда ҳакерлик ҳужумлари, шунингдек, давлат муассасаларига ҳужумлар кўпайганлиги қайд этилган.

Ҳужумлар Украинада синовдан ўтказилди

Лепассаарнинг сўзларига кўра, бу ҳужумларнинг ҳаммаси ҳам муваффақиятли бўлмаган. Бундан ташқари, уларнинг кўпчилиги дастлаб Украинада синовдан ўтказилди ва шундан кейингина Европа Иттифоқи мамлакатларига ўтказилди, дейди эксперт. «Бу Россия урушининг бир қисми, у Украинада жисмонан, аммо бутун Европада рақамли равишда ҳам олиб борилмоқда», деб ҳисоблайди у.

ENISA раҳбари интервюда таъкидлаган хавф-хатарлардан бири бу - сунъий интеллект воситаларидан фойдаланган ҳолда Ғарб сайловчиларига нотўғри маълумот бериш. Хусусан, гап deepfake технологиясидан фойдаланган ҳолда яратилган видео ва аудио ёзувлар ҳақида кетмоқда.

Аввалроқ, май ойи ўрталарида АҚШ Миллий разведкаси раҳбари Эврил Хейнс АҚШ Сенати разведка қўмитасида сўзлаган нутқида худди шу нарса ҳақида огоҳлантирган эди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ сайловлари учун «энг фаол ташқи таҳдид» Россиядир. Бироқ, сунъий интеллектдан фойдаланишнинг янги технологик имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, бошқа давлатлар ёки ҳатто Қўшма Штатлардаги уюшмалар дезинформация кампанияларини бошлашга уриниши мумкинлигини истисно қилиб бўлмайди, деди у.

Мавзуга оид