Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Полшада "ГРУ"га ишлаганликда гумон қилинган уч киши қўлга олинди
Полша разведка хизматлари маълумотларига кўра, икки беларус ва бир поляк савдо марказлари, ресторанлар ва қурилиш омборларига ўт қўйишни режалаштирган ва бунга уриниб кўрган.
Икки беларус ва бир поляк Полша ички хавфсизлик агентлиги томонидан Россия ҳарбий разведкаси – Россия Қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқармаси (собиқ "ГРУ") кўрсатмаси бўйича мамлакатда қўпорувчилик актларини тайёрлашда гумон қилиниб ушланди. Бу ҳақда Полшанинг Rzeczpospolita газетаси 29 май, чоршанба куни ўз сайтида маълум қилди.
Таъкидланишича, Полша разведка хизматларига кўра, эркаклар савдо марказлари, ресторанлар ва қурилиш омборларига ўт қўйишни режалаштирган ва бунга уриниб кўрган. Январ ойида Полшада украиналик қўлга олинди, прокуратура маълумотларига кўра, у ҳам Россия томонидан ёлланган ва Вроцлавдаги бир қатор объектларга, хусусан, бўёқ ишлаб чиқариш заводига ўт қўйишни режалаштирган, дея эслатади нашр.Охирги қўлга олишлар - бир поляк ва икки беларус ушланиши - худди шу тергов доирасида амалга оширилди. Қўлга олишлардан бири беларуслардан бири яшаган Прусков шаҳрида, қолганлари Варшавада бўлиб ўтди.
Мукофот пули эвазига ўт қўйиш
Журналистларнинг таъкидлашича, 10 минг евро мукофот эвазига гумонланувчилар Гданскдаги объект ва Варшава чеккасидаги иккита объектга ўт қўйишга уринган. Ушланган беларуслардан бири 37 ёшда, иккинчиси 35 ёшда. Эркаклардан бирида Полша халқига тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлган. Учинчи гумонланувчи поляк 40 ёшда. Померания провинциясида (воеводалиги) яшаган.
Rzeczpospolita терговдаги манбаларга таяниб ёзганидек, режалаштирилган диверсиянинг мақсади «тартибсизлик, қўрқувни келтириб чиқариш» эди.
Хорижий разведка хизматлари кўрсатмаси бўйича Полша Республикасига қарши ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида уюшган жиноий гуруҳда иштирок этиш моддаси бўйича икки беларус ва бир полякка нисбатан иш очилди. Уларни умрбод қамоқ жазоси кутмоқда.
NYT: АҚШ Россия билан боғлиқ диверсиялар сонининг кўпайишини қайд этмоқда
Аввалроқ, 26 май куни The New York Times газетаси АҚШ разведка идоралари Европада Россия билан боғланган қўпорувчилик операциялари сонининг кўпайишини қайд этаётгани ҳақида ёзган эди. Ғарб разведка агентликларига кўра, бу амалиётлар Россия ҳужумини қайтаришда Украинага ёрдамга путур етказишга қаратилган кампаниянинг бир қисми бўлиши мумкин, деб ёзади нашр.
Асосан, нашрга кўра, Россия махсус хизматлари кўрсатмаси билан турли объектларда ўт қўйиш содир этилган. Улар орасида Англиядаги омборхона, Полшадаги бўёқ заводи, Латвиядаги уйлар ва Литвада IKEA мебел дўкони бор. Шу билан бирга, Россия Федерациясига ишлаганликда гумон қилинганлар Америка ҳарбий базаларига ҳам ҳужумлар режалаштириши мумкин, дейилади терговда.
Мавзуга оид
18:08 / 22.05.2025
Британия Россия махсус хизматларини 10 мингга яқин камерани бузиб кирганликда айблади
11:44 / 19.05.2025
Полшада президентлик сайловларининг иккинчи тури бўлиб ўтади
21:54 / 15.05.2025
Полша 10 мингта Warmate камикадзе дронларини сотиб олади
11:04 / 10.05.2025