Жаҳон | 23:09 / 30.05.2024
5793
2 дақиқада ўқилади

Словения ҳукумати Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олди 

Мамлакат парламенти ушбу масалани 4 июн куни овозга қўяди. 

Фото: Getty Images

Испания, Ирландия ва Норвегия ортидан Словения ҳукумати Фаластин мустақиллиги ва суверенитетини тан олишга қарор қилди. Бу ҳақда РБК мамлакат ташқи ишлар вазирлигига таяниб хабар берди. 

Фаластин мустақиллигининг тан олиниши Словениянинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинган исроилликларни озод қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари билан мутаносиб, дейилади вазирлик хабарида. Энди бу қарор 4 июн куни мамлакат парламентида маъқулланиши лозим. 

22 май куни Норвегия, Ирландия ва Испания ҳукумати мустақил Фаластин давлатини тан олганини эълон қилган эди. Мамлакатларнинг қарорлари 28 майдан кучга кирди. 

Бунга жавобан Исроил учала давлатдаги ўз элчиларини маслаҳатлашувлар учун чақириб олди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу бу баёнотларни «террорчиларнинг мукофотланиши» деб атади. Унинг фикрича, Фаластин мустақиллигини тан олиш қарори Тел-Авивнинг ҲАМАСни мағлуб этишига тўсқинлик қилади. Унинг таъкидлашича, Исроил ҳозирги босқичда Фаластин давлати ташкил этилишига рози бўлмайди. 

Фаластин давлатининг мустақиллигини 140 дан ортиқ давлатлар, жумладан Россия, Хитой ва Туркия тан олган. 

Мавзуга оид