Еврокомиссия Полшага қарши суриштирувни тўхтатди
Полшада қонун устуворлигини жиддий бузиш хавфи йўқ, дея маълум қилди Брюссел. Венгрия ЕИ шартномасининг 7-моддасига мувофиқ процедура ўтказилаётган ягона давлат бўлиб қолмоқда.
Еврокомиссия Полшага қарши Варшавадаги аввалги ҳукумат томонидан амалга оширилган адлия ислоҳоти бўйича можаро билан боғлиқ бўлган олти йилдан ортиқ жазо чоралари тартибини бекор қилди. 29 май, чоршанба куни Европа комиссияси Полшада «қонун устуворлигини жиддий бузиш хавфи энди йўқ», дея маълум қилди. У жазо чоралари жараёнининг тугатилишини олти ой олдин бош вазир лавозимига қайтган Доналд Туск бошчилигидаги мамлакат янги ҳукумати ислоҳотлар ўтказиш бўйича олган мажбуриятлари билан асослади.
Брюссел бир неча ҳафта олдин Полшага қарши суриштирувни тўхтатиш ниятини эълон қилган эди. Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен «Полша учун янги боб» ва «муҳим ютуқ» бошланганини эълон қилди, бу «Полшанинг қаттиқ меҳнати ва қатъий ислоҳот саъй-ҳаракатлари натижаси» экани айтилади. Еврокомиссия таклифи Европа Иттифоқи кенгаши томонидан тасдиқланди. ЕИ шартномасининг 7-моддасига мувофиқ жазо чоралари кўрилаётган ягона Европа Иттифоқи давлати Венгрия бўлиб қолмоқда.
Варшава ва Брюссел ўртасидаги баҳс
Брюссел ва Полшанинг собиқ миллий-консерватив ҳукумати ўртасида суд-ҳуқуқ ислоҳоти бўйича можаро 2016 йил бошидан бери давом этаётганди. Полша президенти Анжей Дуда умумий юрисдикция судлари тўғрисидаги қонунни имзолаганидан сўнг, 2017 йилда Европа комиссияси Европа Иттифоқи тарихида биринчи марта шартноманинг 7-моддасига асосланиб, ҳужжатнинг Европа Иттифоқи стандартларига мувофиқлигини текширишни бошлади.
Можаро пайтида Европа Иттифоқи Полша учун мўлжалланган кўп миллиард долларлик тўловларни музлатиб қўйди. Бошқа нарсалар қаторида, Варшава Европа Иттифоқи кенгашидаги овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилиши билан таҳдид қилинган. 2023 йил октябр ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида Тускнинг европапараст партияси ғалаба қозонгач, Полша адлия тизимида янги ислоҳотни бошлаган ва Брюссел талабларини бажарган ҳукумат тузилди. Полша Адлия вазирлигининг янги раҳбари Адам Боднар тегишли чора-тадбирлар режасини тақдим этди, шундан сўнг Еврокомиссия Полша учун можаро пайтида музлатиб қўйилган 137 миллиард евро миқдоридаги маблағларни блокдан чиқарди.
Полшадаги мунозарали суд-ҳуқуқ ислоҳоти адлия вазирига суд раисларини ишдан бўшатиш ва уларни бошқа номзодлар билан алмаштириш ҳуқуқини тақдим этди. Вазифаларидан бири Европа қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиш бўлган Европа комиссияси Варшавадан суд-ҳуқуқ ислоҳотини бекор этишни ёки уни Европа Иттифоқи стандартларига мослаштиришни талаб қилди.
Мавзуга оид
13:14 / 09.11.2024
Полша: РФ махсус хизматлари АҚШга рейсларда портлашлар тайёрлаган бўлиши мумкин
23:43 / 05.11.2024
Полшада АҚШ ва Канада рейсларида теракт уюштиришни режа қилган «ГРУ» агентлари қўлга олинди
23:56 / 04.11.2024
Полшада радиостанция журналистларни ишдан бўшатиб, сунъий интеллектдан фойдаланишга ўтди. Бу жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди
14:50 / 04.11.2024