Жаҳон | 22:17 / 31.05.2024
4702
2 дақиқада ўқилади

Олимлар ичак учун хавфсиз антибиотикни яратди 

У кўп дори-дармонларга чидамли бактериал инфекцияларга қарши курашади, аммо соғлом бактерияларга таъсир қилмайди. 

Фото: Getty Images

Иллинойс университети (АҚШ) олимлари фойдали ичак микрофлорасини бузмайдиган янги антибиотикни ишлаб чиқдилар. Ушбу дори даволаниш пайтида ножўя таъсирлардан қочиш имконини беради. Тегишли тадқиқот натижалари Nature журналида эълон қилинди. 

Антибиотиклар кўп одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беради. Бироқ, улар нафақат патоген, балки фойдали бактерияларни ҳам йўқ қилади ва соғлиғини сақлаш учун зарур бўлган ичак микромуҳитини бузади. Антибиотиклар курсидан кейин одамлар турли инфекцияларга нисбатан заифроқ бўлиши мумкин. Сўнгги йилларда антибиотикларга чидамли патогенлар ҳам пайдо бўлиб, улардан фойдаланишни янада мураккаблаштирмоқда. 

Иллинойс университети олимлари янги авлод дори воситасини ишлаб чиққанини эълон қилишди. Уларнинг айтишича, у кўп дори-дармонларга чидамли бактериал инфекцияларга қарши курашади, аммо соғлом бактерияларга таъсир қилмайди. 

Дори Lol (липопротеинлар локализацияси) тизимини бостиришга қаратилган. Бу грам-манфий бактериялар учун муҳим механизмдир, чунки у липопротеинларни ички мембранадан ташқи мембранага ўтказади ва бактериялар ўсишига ёрдам беради. 

Бу тизим зарарли ва фойдали бактериялар ўртасида генетик жиҳатдан фарқланади. Янги препаратнинг кимёвий таркиби бу фарқларни ҳисобга олади. Тажрибалар шуни кўрсатдики, препарат кўплаб антибиотикларга чидамли бўлган E.coli, K.pneumoniae ва E.cloacae бактерияларини 90 фоизгача йўқ қилишга қодир. Даволаш сепсисли сичқонларнинг 100 фоизини ва пневмония билан касалланган сичқонларнинг 70 фоизини сақлаб қолди. Бироқ, фойдали микробларнинг бойлиги ва хилма-хиллиги терапия давомида ўзгармаган. 

Мавзуга оид