Жаҳон | 20:13 / 03.06.2024
3874
3 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларни 42 кунга тўхтатишга тайёрлигини айтди

Исроил бош вазири гаровдагиларни озод қилиш учун шундай қадамга тайёрлигини маълум қилди, бироқ уруш тўхтамаслигини таъкидлади. 

Фото: AP

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу гаровга олинган исроилликларни озод қилиш учун Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларни олти ҳафтага тўхтатишга тайёрлигини айтди. Бу ҳақда Israel Hayom ёзди. 

«Исроил гаровга олинганларни қайтариш учун ҳарбий ҳаракатларни 42 кунга тўхтатиши мумкин. Аммо биз урушни тўхтата олмаймиз. Эронликлар ва барча душманларимиз таслим бўламизми ёки йўқми, кўрмоқчи бўлиб бизга қараб турибди», деди бош вазир парламентнинг ташқи ишлар ва мудофаа бўйича комиссияси ёпиқ йиғилишида. 

The Times of Israel нашрининг тушунтиришича, Нетаняҳу бу сўзларини АҚШ президенти Жо Байден томонидан Яқин Шарқдаги можарони ҳал қилиш бўйича таклиф қилинган режани изоҳлаётган пайтида айтган. Исроил бош вазирига кўра, Америка президентининг режасида «бўшлиқлар» бор. 

«Байден тақдим этган режа тўлиқ эмас эди. Гаровга олинганларни қайтариш учун уруш тўхтайди, кейин эса қолганини муҳокама қиламиз. АҚШ президенти оммага тақдим этмаган бошқа тафсилотлар ҳам бор», деб қўшимча қилди бош вазир. 

АҚШ президенти Жо Байден 31 май куни Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш бўйича уч босқичли режани тақдим этди. ҲАМАС режани ижобий кутиб олди. Шу билан бирга, Исроил ҳукуматининг икки ўта ўнгчи аъзоси – Молия вазири Бецалел Смотрич ва Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир агар Нетаняҳу келишувга рози бўлса, истеъфога чиқиш ва ҳукмрон коалицияни парчалаш билан таҳдид қилди. 

Бош вазирнинг ўзи эса барча гаровга олинганларни озод қилмасдан, ҲАМАС ҳарбий ва сиёсий имкониятларини йўқ қилмасдан туриб, доимий сулҳ бўлмаслигини таъкидлади. Ўз навбатида, мухолифат етакчиси Яир Лапид Байденнинг режасини қўллаб-қувватлади. 

Кейинроқ Исроил бош вазирининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Офир Фалк Исроил режанинг асосий қоидаларига рози эканлигини, бироқ унинг сўзларига кўра, ҳали кўп тафсилотларни қайта ишлаш зарур. «Бу унчалик яхши келишув эмас, лекин биз ҳақиқатан ҳам барча гаровга олинганларнинг озод этилишини хоҳлаймиз», деб қўшимча қилди маслаҳатчи.

Мавзуга оид