Жаҳон | 11:40 / 04.06.2024
6544
2 дақиқада ўқилади

Исроил ҲАМАС гаровга олган яна тўрт киши вафот этганини хабар қилди

Ўғирлаб кетилган гаровга олинганларнинг жасадлари Ғазо секторида қолмоқда, уларнинг ўлими тафсилотлари аниқланмоқда.

Фото: X / IDF

Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) 3 июн, душанба куни 2023 йил 7 октябр куни уюштирилган ҳужумда ҲАМАС гуруҳи томонидан ўғирлаб кетилган яна тўрт нафар гаровга олинган шахс ҳалок бўлганини тасдиқлади. ЦАҲАЛ хабарига кўра, уларнинг жасадлари ҳали ҳам Ғазо секторида қолмоқда.

Қурбонлар - 79 ёшли Хаим Пери, 80 ёшли Йорам Мецгер, 84 ёшли Амирам Купер ва 51 ёшли Надав Попплевел - ҲАМАС томонидан Нир Оз ва Нирим кибуцилардан ўғирлаб кетилган. Декабр ойида жангчилар Пери, Купер ва Мецгер иштирокидаги видеони эълон қилишган, март ойида эса улар Исроил армиясининг Ғазо секторини артиллериядан ўққа тутиши натижасида ҳалок бўлганликларини айтишган. Ўз навбатида, ЦАҲАЛ вакили контр-адмирал Даниэл Хагарий расмий брифинг чоғида гаровга олинганларнинг ўлими ҳолатларига ойдинлик киритилаётганини маълум қилди. Исроил разведкаси маълумотларига кўра, улар бир неча ой олдин вафот этган. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 36 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид