Ўзбекистон | 21:53 / 05.06.2024
8238
7 дақиқада ўқилади

5 июннинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар

Олий таълим муассасаларига янгича шаклда қабул бошланди. Шавкат Мирзиёев Маккада бўлиб турган ўзбекистонлик ҳожиларнинг ҳолидан хабар олди. Сенат ишчи гуруҳи Андижондаги боғчаларда санитария ҳолати ачинарли эканини аниқлади.

ОТМга қабул бошланди

Бугундан Ўзбекистонда давлат олийгоҳларига абитуриентлардан аризалар қабул қилиш бошланди. Онлайн рўйхатдан ўтиш Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий сайтида амалга оширилади. Қабул жараёни ва имтиҳон учун тўловни амалга ошириш 25 июнгача давом этади. Мактабни шу йил тугатган ёшлар тўловдан озод қилинган.

Эслатиб ўтамиз, бу йил бакалавриатга қабул тартиби ўзгарган. Ҳозирги босқичда абитуриентлар рўйхатда ўтиб, қайси фанлардан тест топширишини танлайди. Кейинги босқичда эса ана шу танланган фанлар бўйича тест топширади. Тест натижалари чиққач, якуний босқичда абитуриент неча балл тўплаганига қараб қаерда ва қайси таълим шаклида ўқишни танлайди.

Бу йилги қабулнинг аввалгиларидан яна битта фарқи шундаки, бўлиб ўтадиган имтиҳонлар бир вақтнинг ўзида коллеж ва техникумларга ҳам саралаш вазифасини ўтайди. Яъни олийгоҳда ўқиш учун етарли балл тўплай олмаган ёшлар шу тўплаган балли бўйича коллеж ёки техникумга кириши мумкин бўлади.

Президент ҳожилардан хабар олди

Президент Шавкат Мирзиёев Макка шаҳрида бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилди. Давлат раҳбари муборак Ҳаж зиёратига тайёргарлик жараёнлари, юртдошларимиз учун яратилган шароитлар, уларнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради. Шайх Нуриддин Холиқназар эса Шавкат Мирзиёевга ҳожиларимизнинг саломи ва дуоларини етказди.

Маълумот учун, айни пайтда қарийб 12 минг нафар юртдошимиз Саудия Арабистонида бўлиб турибди. Жами 15 минг 130 нафар фуқаро Ҳаж ибодатига муяссар бўлади. Уларга 300 нафар гуруҳ раҳбари, 50 нафар олий тоифали шифокор, ошпазлар, таржимонлар ва бошқа кўмакчилар ҳамроҳлик қилади.

Бу йилдан бошлаб бир янгилик – Саудия Арабистонида бўлиб турган диний соҳа ходимлари ҳамда қори зиёратчилар томонидан Қуръони каримни хатм қилиш йўлга қўйилди. Ҳозиргача 1 минг 515 та хатм ўқилиб, юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик тилаб дуолар қилинган.

Ғазодаги уруш: Ўзбекистон АҚШнинг оташкесим ташаббусини қўллаб-қувватлади

Ўзбекистон Ғазода урушни тўхтатиш бўйича АҚШ президенти Жо Байденнинг ташаббусини олқишлайди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов маълум қилди.

“Биз Ғазо секторида тинч аҳоли, айниқса аёллар ва болалар қурбонлари бўлган тўқнашувларни диққат билан кузатмоқдамиз. Бу ҳолат бизни чуқур хавотирга солмоқда. Ўзбекистон – можароларни фақат тинч йўл ва барча мавжуд дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдори”, – деди Бурхонов.

Ўзбекистон томони Байденнинг таклифларини қўллаб-қувватлаб, можаронинг барча томонларини вазминликка, халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга, зўравонликнинг олдини олишга ва тинч аҳоли орасида қурбонлар сонининг янада кўпайишига йўл қўймасликка чақирди.

“Болаларга чириган картошка едиришмоқда”

Андижон вилоятидаги боғчаларда овқатлантириш тизимини ўрганган Сенат ишчи гуруҳи ачинарли ҳолатларга гувоҳ бўлди. Ўрганишларда боғчалардаги ошхоналар санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслиги, таъмирталаб аҳволда экани, жиҳозлар ва идиш-товоқлар етишмаслиги, сифатсиз маҳсулотлар олиб келингани аниқланган.

Масалан, Шаҳрихондаги 52-сонли боғчада ошхона тўлиқ таъмирталаб ҳолатда. Қўрғонтепадаги 2-сонли боғчада эса озиқ-овқатларни бракераж комиссияси қабул қилиб олмаётгани сабабли сифатсиз маҳсулотлар кирим қилинган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Нурмат Отабеков йўл қўйилган ҳолатлар бўйича кескин чора кўришга чақириб, бундай боғчаларнинг фаолиятини бугуннинг ўзидаёқ тўхтатиш кераклигини айтди.

“Сенатдан ташкил қилинган ишчи гуруҳ бориб кўрган МТТ ишлаши керак эмас. Уларнинг фаолиятини шу бугуннинг ўзидаёқ тўхтатиш керак. Олиб келинган маҳсулотлар нотўғри сақланиб, томир отиб юборса, турган жойида чириса, қайси бир ошпаз ўша чириган, униб кетган картошкани ташлаб юборади?! Албатта, уни болаларга едиришади”, – деди у.

Сенаторлар боғчаларга киришда Face-ID технологиясини жорий этиб, тарбияланувчилар давоматини йўлга қўйиш, шу асосда озиқ-овқат харажатларининг аниқ ҳисобини юритиш, бракераж комиссиялари бўйича боғча мудирларининг масъулиятини ошириш ва бошқа таклифларни илгари сурди.

Компаниялар қарзини давлат тўлайдими?

S&P халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини “BB-” (барқарор кутилма) даражасида сақлаб қолди. Агентликнинг бу борадаги ҳисоботида Ўзбекистон иқтисодиётининг жорий ҳолатига батафсил тўхталиб ўтилган. Жумладан, ҳисоботда таъкидланишича, келгусида ҳукумат кафолатисиз олинаётган корпоратив қарзларни қайтариш ҳам ҳукуматнинг зиммасига тушиб қолиши мумкин.

“Бизнингча, давлат корхоналари ва давлат-хусусий шериклигидаги, ЯИМнинг 8 фоизини ташкил этадиган кафолатланмаган қарзлар ҳукумат балансидаги мажбуриятга айланиши хавфи бор. Давлат корхоналари энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун охирги йилларда хорижий валютада қарз олишни кўпайтирди. Улар айрим лойиҳалар кутилганидан кўра муваффақиятсизроқ амалга ошса ёки бошқарув ё назоратда муаммолар пайдо бўлса, ушбу қарзларни сўндиришда қийинчиликларга дуч келишлари мумкин”, дея таъкидлаган халқаро экспертлар.

Таҳлилчиларнинг эътибор қаратишича, Ўзбекистон ҳукуматининг ликвид активлари миқдори 2017-2023 йиллар оралиғида ЯИМнинг 37 фоизидан 13 фоизигача қисқариб кетган. Хусусан, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 16,8 млрд долларлик активларидан бор-йўғи 6,2 млрд долларлик қисми ликвидликка эга деган хулосага келинган. Ташқи қарзлар миқдори эса аввалги прогнозларга қараганда тезроқ ошиши кутиляпти.

Мопед ва скутерлар бўйича таклиф

Ўзбекистонда 16 ёшга тўлганларга мопед ва скутерларни ҳайдовчилик гувоҳномасини олмасдан бошқаришга рухсат берилиши мумкин. Стратегик ислоҳотлар агентлиги бу борада президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқди. Агентликка кўра, ҳозирда “А” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олган 16 ёшли ўсмирларда нафақат кам қувватли скутер ва квадроцикл, балки тезлиги 150 км/соатдан ҳам ошадиган мотоциклларни ҳам ҳайдаш ҳуқуқи пайдо бўляпти. Шундан келиб чиқиб, ҳайдовчилик гувоҳномасининг “А1” номли кичик тоифасини ҳам жорий қилиб, уни каттароқ мопедлар ва скутерлар ҳайдаш учун 16 ёшдан бошлаб бериш, “А” тоифадаги гувоҳномани эса тезюрар мотоциклларни бошқариш учун 18 ёшдан бошлаб беришни йўлга қўйиш таклиф этилмоқда.

Кам тезликда юрадиган кичик мопедлар ва скутерлар учун эса гувоҳнома олиш талабини бекор қилиш таклиф этиляпти. Бунда уловнинг тезлиги 50 км/соатдан ошмаслиги, ҳайдовчи эса 16 ёшдан ошган бўлиши керак.

Бундан ташқари, президент қарори лойиҳаси билан, айрим тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун автомактабда ўқиш талабини бекор қилиш таклиф этилмоқда. Агар таклиф маъқулланса, “А”, “А1”, “B” ва “B1” тоифаларидаги гувоҳномаларни олмоқчи бўлганлар махсус курсларга бормасдан, ўзлари мустақил тайёрланган ҳолда имтиҳонга киришлари мумкин бўлади.

Мавзуга оид