“Аъзоликка номзодлар орасидан илк ташрифим Ўзбекистонга бўлди” — ЖСТ бош директори
Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала Тошкентдаги конференцияда сўзлаган нуқтида Ўзбекистон каби ташкилот аъзолигига номзод давлатлар учун муҳим 5 та омилни санаб ўтди.
4 июн куни ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала Ўзбекистонга келди. 5 июн куни эса Тошкент шаҳрида, Hilton меҳмонхонасида “Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни” мавзусидаги конференцияда иштирок этди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Тадбирда Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева, бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича бош музокарачиси, президентнинг ЖСТ масалалари бўйича вакили Азизбек Ўрунов, президент маслаҳатчиси Равшан Ғуломов, Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамда Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси вакиллари иштирок этди.
Конференцияда сўзга чиққан ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала ташкилотга 3 йил олдин директор этиб тайинлаганидан бери Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини яқиндан кузатаётганини таъкидлади.
“Куч-қувват ва жасоратни қадрлайман, бу – аъзолликка даъвогар давлатлар орасидан биринчи бўлиб ташриф буюришга Ўзбекистонни танлаганимнинг сабабидир. Ҳукуматга бу билан қўллов-қувватловимни кўрсатмоқчи бўлдим, сиз аъзолик жараёнларида дуч келаётган қийинчиликларни рақамлар тасдиқлаб турибди. Аъзолик жараёнлари қайта тикланганидан кейин 4 йил ўтди. 15 йиллик жараёнлардан кейин, охирги 18 ойда музокаралар жадаллашди”, – деди ЖСТ бош директори.
Унинг таъкидлашича, ҳозирда ЖСТга аъзо бўлишга 22 та давлат номзодлик қилмоқда. Нгози Оконжо-Ивеала ҳар бир давлатнинг аъзо бўлиш жараёни ўзига хос бўлса-да, жараённи муваффақиятли амалга ошириш учун 5 та асосий компонент зарурлигини таъкидлади. Булар:
- кучли сиёсий ирода;
- идоралараро мувофиқлаштиришнинг самарали механизми;
- малакали бош музокарачи бошчилигидаги меҳнатсевар техник музокарачилар гуруҳи;
- ҳамкорларнинг қимматли ёрдами;
- амалий ҳаракатларнинг вақтларини белгиловчи йўл харитаси.
Нгози хоним бу компонентларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталди.
“Биринчидан, сиёсий ирода. Ўтган ўн икки ой давомида мен Ўзбекистон президенти жаноби олийлари, президент ёрдамчиси ва бош вазирнинг икки ўринбосари, шунингдек, Женевада бош музокарачи ва элчилар билан учрашдим. Уларнинг мессежи аниқ: ЖСТга аъзо бўлиш – ҳукуматнинг устувор йўналиши. Бу қўшилиш жараёнини якунлаш учун энг муҳим таркибий қисм.
Иккинчидан, аъзо давлатлар билан музокаралар. Ички ҳолат қатъийроқ. Яхши фаолият юритаётган ички мувофиқлаштирувчи музокаралар аъзолик сифати ва изчиллигини белгилайди. Шу сабабли бош вазир ўринбосари, Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзолиги бўйича комиссия раҳбарининг охирги 3 та ишчи гуруҳида доимий қатнашиши ЖСТ аъзоларининг ишончини оширишда муҳим бўлди.
Учинчидан, бош музокарачи ва техник жамоанинг музокараларга киришиши. Мен жамоанинг музокараларини кузатдим ва улар йиғилишни катта иштиёқ билан қанчалик тез ташкил этгани мени ҳайратда қолдирди.
Тўртинчидан, ташкилот қоидалари жиҳатидан қўллаб турадиган ҳамкорлар. Техник таҳлиллар, ўқитиш ва икки томонлама ҳамкорларнинг бўлиши.
Бешинчидан, йўл харитаси. У вақт жадвали ва ҳаракатларни ўзида акс эттириши керак. Сўнгги ишчи йиғилишда бош вазир ўринбосари Камерунда бўлиб ўтадиган навбатдаги 14-вазирлар конференциясигача, яъни 2026 йилгача ЖСТга аъзо бўлиш мақсадини эълон қилди.
Кўпчилик бу мақсадни олқишласа, бошқалар Ўзбекистонни муддатдан кўра ҳаракатларга эътибор қаратишга ундамоқда. Менинг маслаҳатим шундаки, асосий эътиборни ўзингизнинг ҳаракатларингизга ва уларнинг моҳиятига қаратишингиз керак, шу билан бирга, сизда ҳаракатлар бўйича вақт-графиги ва амалий қадамлар ҳам бўлиши зарур”, – деди Нгози хоним.
ЖСТ бош директори 4 июн куни Тошкентга қўнгач, бир неча соат олдин Ўзбекистоннинг аъзолик жараёнини тезлаштириш бўйича президент фармони чиққанини эшитгани ва буни илиқ кутиб олиш деб баҳолаганини айтди.
“Ҳужжатда ЖСТ аъзоларини хавотирга соладиган бир қатор масалалар, хусусан, бир қанча соҳаларга, масалан, эксклюзив ҳуқуқларга эга давлат корхоналари, экспорт чекловлари, этил спирти, тамаки ва алкогол импортига тақиқлар ҳамда экспорт субсидиялари кабиларни қамраб олади.
Мен ҳукуматни аъзолар томонидан кўтарилган бошқа масалалар, масалан экспорт ресурсларига эътибор қаратиш ва бу йўлдаги ишларни давом эттиришга ундайман”, – у.
Эслатиб ўтамиз, нигериялик-америкалик функционер 5 июн куни президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди. Унда давлат раҳбари Ўзбекистоннинг тез фурсатда ташкилотга аъзо бўлиши муҳимлигини таъкидлади.
Мавзуга оид
14:35 / 04.11.2024
АҚШ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлади
20:26 / 09.10.2024
“ЖСТга аъзоликдан кейин йирик корхоналарга 2-3 йиллик ўтиш даври берилади” – Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари
11:52 / 14.09.2024
Саида Мирзиёева: «Оиладаги зўравонликларга қарши кураш бўйича мамлакатимиз минтақада етакчига айланганидан фахрланаман»
08:14 / 14.09.2024