Ўзбекистон | 21:34 / 05.06.2024
6410
2 дақиқада ўқилади

Фирдавс Абдухолиқов Ислом цивилизацияси маркази директори этиб тайинланди

Ўзбек кино соҳасини салкам 5 йил бошқарган Фирдавс Абдухолиқов фаолиятини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари сифатида давом эттиради. Кинематография агентлигида унинг ўрнига ёзувчи Шуҳрат Ризаев вақтинча раҳбар бўлган.

Фирдавс Абдухолиқов / Фото: Wikipedia

Фирдавс Фридунович Абдухолиқов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори этиб тайинланди.

Шу муносабат билан марказни бошқариб келган Шоазим Шоисломович Миноваров лавозимидан озод этилган. Бу ҳақда бош вазирнинг матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов хабар берди.

Шоазим Миноваров марказга 2017 йил июлидан бери (ўша вақтда Ислом маданияти маркази деб аталган) раҳбарлик қилиб келаётган эди.

Фирдавс Абдухолиқов эса бунгача Кинематография агентлиги директори лавозимида ишлаётганди. Kun.uz манбасига кўра, агентликда унинг ўрнига ёзувчи Шуҳрат Ризаев вақтинча раҳбар вазифасини бажарувчи бўлган.

Маълумот учун, Фирдавс Абдухолиқов 1963 йилда туғилган, 1985 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаган. Иқтисодиёт соҳасида ҳам олий маълумотга эга.

2003 йилдан 2022 йилгача Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясини бошқарган. 2019 йилда «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори этиб тайинланган (агентлик номи 2021 йилда Кинематография агентлиги сифатида ўзгартирилган).

2011 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист» унвони билан тақдирланган.

Мавзуга оид